7 ноябрда туғилган куним билан телефон, э-почта ва скайп орқали табриклаган дўстларимга чексиз миннатдорлигимни билдираман. Ҳамма тилакларингиз амалга ошса, чексиз бахтиёр бўлардим. Тўғри, оилам билан бахтиёрман, севимли турмуш ўртоғим Саида бор, шириндан ширин қизим Сайёра ва ўғлим Шуҳрат бор (Расмга қаранг, ҳавас қилинг). Аммо, ...
Аммо, ҳар қандай ҳақиқий инсоннинг катта оиласи ҳам бор, бу – унинг миллатидир. Менинг миллатим – Ўзбекдир. Бу миллат билан бахтли эканлигимни айтолмайман. Чунки, минг афсуски, ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб, оддий бир подага айланганлар.
Елкамизга Лубянка тарафидан ўтқазилган миллати тожик ҳаромий Ислом Карим ичимиздан чиққан 53-54 лақабли Салой Мадамин каби миллат хоинлари ёрдамида миллат сифатимизни бутунлай йўқ қилишга эришди. 2010 йилда Қирғизистонда бир ҳовуч қирғиз фашистлари 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганларида ҳамма тешикларини қисиб ўтирган ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб бўлганларини исботлаб бердилар.
Ўзбекистонда яшайдиган ўзбекларнинг катта қисми чет элларда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда мардикорчилик қилиб, Ўзбекистонда қолган оилаларини боқмоқдалар. Елкамиздаги тожиклар режимининг бу билан иши ҳам йўқ. Аслида, бу режим ўз мақсадаларига етишаётганидан хурсанд эканлиги муқаррар.
Қўшни мамлакатларда ўзбек мактабларини бекитиш, ўзбекларини она тупроқларидан сиқиб чиқариш - давлат даражасидаги сиёсатга айлантирилган. Афғонистонда 5 миллион атрофида ўзбек яшайди, бироқ, у ерда биронта ўзбек мактаби, ҳатто синфи йўқ. Ўзбекистон ўзбекларининг бу каби нарсалар билан иши ҳам йўқ. Бу нарсалар миллат эмас, пода эканлигимизнинг бошқа кўрсатгичларидир.
Ислом динимизнинг аҳволига қаранг. Мусулмонлар сўнги минг йилда ҳеч нарса яратолмадилар. насронийлар ва яҳудийлар яратган замонавий дунёда хизматкор бўлиб яшамоқдалар. Ислом динида фундаментал ислоҳотлар қилиш кераклигини, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмаса, йўқ бўлишга кетаётганини мен исботлаб бериб бўлдим.
Энг муҳими, Оллоҳ берган ақл билан яшашни ўрганишимиз керак. Ҳозир мусулмонларнинг асосий шиори - "Ҳамма нарса Оллоҳдан". Шу сабабли, мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги ақл ишлатмайди. Бу хато, Оллоҳ бу дунёни яратган, бизни яратган, бизга ақл берган ва бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйган. Бўлмаса, ҳозирги аҳволимизга кўз юмармиди? Демак, ўша ақлни ишлатиб яшашимиз, асосий шиоримиз - "Биздан ҳаракат - Оллоҳдан баракат" бўлиши керак. Акс ҳолда... Майли, буни гапириб ўтирмайман.
Бироқ, қуйидаги фактларга эътибор беринг, илтимос.
1990 йилнинг охирида “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақола ёзиб, ҳаммани хушёрликка, буни олдини олишга чақирдим. Фойдаси бўлмади. Мана ўтирибмиз, ўша мустақил диктаторликда. Диктаторлик даражаси бўйича жаҳон мамлакатлари ичида фақат Сомалия биздан олдинда.
1995 йили ёзилган мақоламда жуда кўп ўзбеклар иш қидириб Россияга боришга мажбур бўлишларини башорат қилиб, ҳукуматни бир нарсалар қилишга чақирдим. Фойдаси бўлмади. Мана энди ўзбеклар ҳамма ерда мардикор. Бошқаларни қўйиб туринг, бечора ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолларига чидаб ўтирибдилар.
Бир йилча аввал АҚШнинг навбатдаги президенти Доналд Трамп бўлишини башорат қилдим. Бунга Американинг ўзида ҳам кўпчилик ишонмасди, мана у Президент бўлди.
Бундай башоратларни кўп қилганман. Аммо, башорат қилиш қобилиятим билан мақтаниш ниятим йўқ. Мақсадим – ўзбекларнинг, қолаверса, ҳамма мусулмонларнинг кўзини очиш. Бу кетишда миллат сифатини йўқотишни қўйиб туринг, Ўзбекистон деган давлат ҳам йўқ бўлиши муқаррарлигини, динимизнинг келажаги мавҳумланишини айтишдир. Бобурдек улуғ инсонни ўз юртидан ҳайдаб чиқарган ҳам биз ўзимиз бўлганимизни, бундан баттар ақлсизликлар қилиш қобилиятимиз кучли эканлигини эслатишдир.
Ўзбеклар! Кўзингизни очинг, эртанги кунингизни, авлодларингизни тақдирини, миллат сифатини тиклаш шартлигини ўйланг. Миллат, давлат ва динимизнинг аянчли аҳволига тўғри баҳо берган, бу аҳволдан чиқиш учун нималар қилиш кераклигини белгилаб берган “Бирлик”га қўшилинг. Бошқа йўлингиз йўқ.