01 November 2016
22:37 - Тошкентга ЕХҲТнинг сайлов кузатиш миссияси раҳбари келди
Бугун Тошкентга Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) қошидаги Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюросининг, қисқача ДИИҲБнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер келди. “Новости Узбекистана” веб нашрининг хабарига кўра, Тейлернинг миссия раҳбари сифатидаги вазифалари миссия ишини назорат қилиш, шу жумладан давлат идоралари, сайлов ўтказиш бўйича органлар, сайлов жараёни бошқа иштирокчилари билан алоқалар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек миссиянинг оралиқ, дастлабки ва якуний ҳисоботлари тайёрланишини таъминлашдан иборат.

ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.