Бугун Тожикистон Олий Мажлисининг қуйи палатаси жорийдаги президент Имомали Раҳмонга “Мустақил Тожикистон асосчиси” мақоми бериш қарорини тасдиқлади. Табиий, бу қарор ўта тезлик билан парламентнинг юқори палатасида ҳам тасдиқланади.
Бу мамлакатда ўтган йили декабрь ойида “Миллат лидери – тинчлик ва миллий бирлик асосчиси” номли қонун билан Имомали Раҳмонга Миллат лидери унвони берилган эди. Шу қонунга бугун тузатиш киритилиб, Миллат лидерига “Мустақил Тожикистон асосчиси” мақоми ҳам қўшиб берилибди.
Тожикистонда бўлаётган воқеаларнинг масхарабозлиги шундан иборатки, худди Ўзбекистон каби Тожикистон ҳам Кремлнинг қарори билан ҳозирги чегаралар доирасида яратилган. У ўша пайтдаёқ мустақил давлат сифатида СССРга кирган. СССР парчалангандан кейин Тожикистон бутунлай мустақил бўлиб қолган. Бу ерда Имомали Раҳмоннинг ҳеч қандай роли бўлмаган. Ислом Карим Ўзбекисоннинг СССРдан чиқишига қарши бўлгани каби, Имомали Раҳмон ҳам Тожикистоннинг СССРдан чиқишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган одам.
Имомали Раҳмонни Ислом Каримнинг ҳам ёрдамида айнан ўша Кремль Тожикистон президенти қилиб қўйган ҳам ҳаммага маълум. Шу сабабли, уни “Мустақил Тожикистоннинг асосчиси” деб ҳисоблаш масхарабозликдан бошқа нарса эмас.