25 October 2016
02:15 - Шавкат Мирзиё қишлоқ уйлари қуришга қарийб 700 миллион доллар йўналтириш ҳақида ваъда бермоқда, амалда нима бўлади?
2017 йилда қишлоқ жойларида уйлар қурилиши учун 690 миллион АҚШ доллари ажратилади, деди муваққат президент Шавкат Мирзиё. Мазкур дастур доирасида 2017 йилда умумий майдони миллион квадрат метр бўлган 15 мингта янги уй ва квартиралар қурилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳада қатнашишни истаган тижорат банклар миллий валютада 15 йиллик кредит очади. Кредитларга дастлабки 5 йил давомида йилига 3% имтиёзли ставка қўйилади. Шавкат Мирзиё 2018-2021 йилларда қурилиши мўлжалланган ушбу уйлар учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш мақсадида, таалуқли вазирликларга ҳам топшириқ берган.

Шавкат Мирзиёнинг бу иши олқишга сазовор. Аммо, саволлар туғилади: 2003 йилдан бери Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиё нимага бундай ишларни аввалроқ бошламаганди? Ислом Карим йўл бермагандими? Ундай бўлса, “отам Ислом Каримнинг ишини давом эттираман” деб ёлғон гапиришнинг нима кераги бор эди? Давлат Бюджетимиз бор йўғи 11 милларад доллар бўлса, қишлоқ жойларида уйлар қуриш учун 690 миллион, яъни сал кам 1 млрд доллар қаердан топилади? Давлатга бўйсунадиган банклардан кредит олиш осонлаштирилиши мумкин, аммо профессорларимиз қозоқ дворникларидан кам маош олар экан, кредитни тўлаш қандай бўлади? Ёки Шавкат Мирзиё сайлов олдидангина шу каби ишлар қилиш ҳақида ёлғон ваъдалар бермоқдами?

Хуллас, саволлар кўп, аммо жавоблар ҳали йўқ. Агарда Ўзбекистонда ҳақиқий сайлов олди кампанияси ўтказилса эди, сайловчилар бундай саволларни у кишининг ўзидан сўрашарди.