Gazeta.uz сайти фақат рус тилидаги саҳифасида хабар қилишича, кеча ва бугун Тошкентда ўтказилаётган "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоялашни таъминлаш миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар" номли халқаро анжуман доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги вакили Стефан Приснер (расмда чапда) ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази раҳбари Акмал Саид инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолабдилар.
Бу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва эркинларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолият ҳақидаги маълумот ва ҳужжатлар билан алмашиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, ушбу соҳада дастур ва режаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, биргаликда адабиётлар яратиш ва нашр этиш, миллий ва халқаро тадбирлар ва тренинглар ташкил этиш ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тузилмаларининг таълим дастурларида ўзбекистонлик мутахассисларнинг иштироки кўзда тутилган эмиш.
Бу меморандумнинг имзоланиши масхарабозликдан бошқа нарса эмаслиги шундан иборатки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларининг ҳимояланиш даражаси бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охирида 2-чи ўринда туради. Имзоланган мемерандумда шу факт тан олинса ва Ўзбекистонни бу аҳволдан чиқариш йўлида қилинадиган аниқ ишлар кўрсатилса эди, бу ҳужжат тарихий воқеа бўлиб қоларди. Ўзбекистоннинг аҳволини тилга олмасдан бир нарсалар қилиш ҳақида гапириш, ўта оғир аҳволдаги одамнинг касалига диагноз қўймасдан, уни даволашга тушишдан бошқа нарса эмас.