АҚШ Давлат Департаментининг “Ҳаракат” адресига ҳам келувчи кунлик дайжестида айтилишича, АҚШнинг Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) бўйича махсус вакили вазифасини вақтинча бажарувчи Арсалан Сулеман (Arsalan Suleman) 5 кунлик ташриф билан 17 октябрда Тошкентга келмоқчи. У Тошкентда ўтказиладиган ИҲТ ташқи ишлар вазирларининг 43-чи сессиясида ҳам иштирок этади.
Бундан ташқари, Арсалан Сулеман Ўзбекистон расмийлари ва диний жамиятларнинг вакиллари билан ҳам учрашади, Тошкент Исломий Университети талабалари олдида лекция ўқийди, Тошкентдан ташқари Самарқанд ва Бухорага ҳам боради.
Мен, дейди вақтинча АҚШда яшаётган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат, АҚШ Давлат Департаментининг таркибида Диний ва Умумжаҳон Ишлар Офиси (Office of Religion and Global Affairs) борлигини бизга келган дайжестдан ўргандим ва Давлат Департаментида шундай офис/бўлим бўлишига қарамасдан, АҚШ расмийлари Ислом динига оид масалаларда ўта саводсиз эканликларидан ҳайронлигим яна ҳам ошди.
Ҳайронлигим шундан иборатки, шу пайтгача, АҚШ Президенти ва Вице-президентини қўйиб туринг, америкалик сиёсатчилар, сиёсатшунослар ва журналистлар ўз мамлакатларида Ислом дини учун ҳам тўла эркинлик бор деб ҳисоблашар экан. Ваҳолангки, бу мутлақо хатодир. Ислом дини учун АҚШда эркинлик бўлса эди, мусулмонларга учта хотинлик бўлиш рухсати бериларди, майда мусулмон ўғриларнинг қўлини кесиш, каттароқ жиноят қилганлдарни тошбўрон қилиб ўлдиришга рухсат бериларди. Бундан ҳам муҳими, мусулмонларга АҚШни исломий давлат қилиш, мусулмонларга Шариат қонунлари бўйича яшаш учун курашишга расман йўл берилган бўларди.
Бир оғиз сўз билан айтсак, дунёвий/секуляр АҚШда дунёвий/секуляр бўлмаган Ислом дини учун эркинлик бўлиши мумкин ҳам эмас.
Мен бу масалалар бўйича АҚШ Президентига, Давлат Котибига ва бир қатор оммавий ахборот воситаларига мактублар йўлладим. Ҳозирча, фақат АҚШ Президентидан жавоб олдим. Жавобдан кўрдимки, ҳатто АҚШ Президенти АҚШда Ислом дини учун эркинликлар йўқлигини, бундай эркинликлар бўлолмаслигини ҳали тан олмоқчи эмас. Аммо, АҚШ расмийлари барибир буни тан олишга мажбур бўладилар.
Аслида, менинг асл мақсадим АҚШдагиларнинг фикрини ўзгартиришгина эмас, ҳамма мусулмонларга Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, Ислом дунёси қашшоқлик ва қолоқликдан чиқа олмаслигини, Ислом дунёсида демократия, демак, ҳеч қандай ривожланиш бўлолмаслигини тушунтиришдир.
Аминманки, ҳозир Тошкентга келаётган Арсалан Сулеман ҳам менинг хатларимдан хабардор. У Ўзбекистонга келиб, менинг исмимни тилга олмаса ҳам, мен айтган фикрларнинг қанчалик тўғри эканлигини ўрганиш билан ҳам шуғулланишига шубҳам йўқ.