14 October 2016
19:25 - Миллиардер Алишер Усмонов: “Ўзбекистондаги сиёсий ҳаётга аралашмоқчи эмасман!” “Ҳаракат”: У сиёсатга аралашмаса ҳам, иқтисодимизга инвестициялар қилиши керак
Россиядаги ўзбек миллиардери Алишер Усмоновнинг матбуот-хизмати унинг Ўзбекистондаги сиёсий ҳаёт ва мамлакатнинг янги раҳбариятига алоқадор эканлигини инкор этди. Мазкур баёнот қатор оммавий ахборот воситаларидан миллиардерга шу хусусда тушган савол юзасидан тарқатилибди.

"Бундан олдин ҳам бир неча бор таъкидлангани каби, Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида иштирок этмайди. Бу мавзу атрофида тарқалиб кетган миш-мишлар конъюктура билан боғланган бўлиб, аслида ҳақиқатдан йироқ. Жаноб Усмоновнинг Ўзбекистонда дўстлари ва қариндошлари кўп. Агарда Ўзбекистон ҳукумати Алишер Усмоновга бирор ёрдам юзасидан мурожаат этса, у киши "фойдаси тегаётганидан" фақатгина хурсанд бўладилар. Жаноб Усмонов ўзининг тарихий Ватанига омад ва равнақ тилашини алоҳида таъкидладилар", - дейилади баёнотда.

Бу баёнотдан тушунса бўладики, Ўзбекистон ҳукумати мурожаат қилса, Алишер Усмонов давлатимизга ёрдам беришга тайёр. Унинг бойлиги Ўзбекистоннинг йиллик давлат бюджетидан катта эканлигини ҳисобга олсак, ёрдам фойдали бўлиши ҳам муқаррар. Табиий, Алишер Усмоновдан пул ёрдами эмас, Ўзбекистон иқтисодига инвестициялар қилишни сўраш керак. Айнан шунда у ўз ватанига жиддий ёрдам берган бўларди. Шавкат Мирзиё тезроқ Алишер Усмоновга бу хусусда мурожаат қилиши лозим.