30 September 2016
23:07 - Шавкат Мирзиё ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади, аввал уларни мукофотлаган эди, аммо уларнинг қанчалик ғариб аҳволдагилигини биладими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев мамлакат ўқитувчи ва мураббийларини 1 октябрда нишонланадиган касб байрами билан табриклабди.
“Дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб эгаси бўлган сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг эзгу тилакларимни изҳор этаман”, - дейилади мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари тарафидан кечқурун тарқатилган табрикда.

Кеча эса, Шавкат Мирзиё “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаганди.

Давлатимизнинг янги раҳбари Ислом Каримдан қолишмасдан мамлакатимизнинг ўқитувчи ва мураббийларига кўрсатаётгани ҳурмати учун “офарин” дейиш керак.

Аммо, Ислом Каримнинг ўрнига ўтирмасдан аввал Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиё ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини, демак, оддий ўқитувчи ва мураббийларимиз қашшоқнинг қашшоғи эканини билармикан? Билмаса, у қандай раҳбар ўзи, билиб туриб ҳеч нарса қилмаётган бўлса, бундай раҳбарнинг нима кераги бор ўзи?