09 September 2016
22:25 -
Ислом Каримсиз масхарабозлик: Сирдарё ҳокими 15 тонна пахта терган оилага навбатсиз автомобиль ваъда қилди

Вилоятда илғор теримчиларни рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилган. Хусусан, “ҳар куни терилган пахта учун нақд пул берилади”. Бундан ташқари, беш тоннадан ортиқ пахта терган оилага телевизор, оиласи билан 10 тонна пахта терган хонадон эгасига музлатгич, кир ювадиган машина берилади, 15 тонна пахта терган хонадон эгасига эса - ўз маблағи ёки кредит эвазига - навбатсиз енгил машина берилади. “Беш кун давомида 750 килограммдан 1 тоннагача пахта терган илғор теримчига бепул телевизор берилади”, - дея қўшимча қилинган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Хабар сарлавҳасига “масхарабозлик” сўзи тиқиштиришимизнинг сабаби эса қуйидагича.
Ўзбекистонда ўртача ойлик 80-90 доллар экан, автомобиль сотиб олиш учун одамлар навбатда турибдиларми? Бўлиши мумкин эмас. Автомобиль сотиб олишга қурби етган, аммо ҳали навбати келмаган ўзбеклар, яъни ЎЗИГА ТЎҚ ЎЗБЕКЛАР, навбатсиз автомобиль олиш учун далага чиқиб ва қуллардек ишлаб, қўл билан 15 тонна пахта терадиларми? Бўлиши мумкин эмас. Бундай саволларнинг чеки йўқ.
Демак, Ислом Карим яратган масхарабозлик системаси Ислом Каримсиз ҳам ишлашни давом эттиримоқда.