04 September 2016
15:13 - G20 саммити икки кунлик ишини расман бошлади, икки тарафлама учрашувлар кечадан бери бўлмоқда, яна бўлади

Бугун Хитойнинг энг шарқий қисмида жойлашган Ханчжоу шаҳрида дунёнинг энг бой ва ривожланган 20 мамлакати раҳбарларининг ҳар йили G20 cаммити номи остида ўтказиладиган йиғилишларининг навбатдагиси ўз ишини бошлади. Саммитнинг расмий мавзуси “Инновацион, соғлом, изчил ва инклюзив бўлган дунё иқтисодиётини яратиш” деб номланибди.

Бу саммитнинг ўз аъзолари учун мажбурий бўлган қарорлар чиқариш ваколати йўқ, демак, бу глобал мавзу бўйича ҳамма давлатларнинг раҳбарлари аввалдан ҳаммага маълум бўлган фикрларини айтадилар. Жиддий бахслар ҳам бўлмайди, чунки, ҳар қандай жиддий бахс дарҳол жанжалга айланиб кетиши шубҳасиз. Қолаверса, ҳозир жаҳонда совуқ уруш кучайиб бораётганини ҳисобга олсак, “соғлом иқтисодиёт” тушунчаси орзудан бошқа нарса эмас.

Шундай бўлса ҳам, G20 саммитининг катта ижобий роли бор. Ҳар ҳолда кўз-кўзга тушгандан кейин дунё лидерлари бироз эҳтиётроқ бўлишга ҳаракат қиладилар.

Саммит баҳона дунё лидерлари икки тарафлама учрашувлар ўтказиб олаётганлари - бу каби саммитларнинг энг муҳим жиҳати бўлиб қолаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Диққатга сазовор учрашувлардан учтасини тилга олиш мумкин. Биринчиси - кеча бўлиб ўтган Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Эрдўғоннинг учрашуви бўлса, иккинчи ва учинчиси – АҚШ ва Туркия президентлари Барак Обама ва Ражаб Эрдўғоннинг ҳамда Курил ороллари масласида келиша олмаётган ва келиша олмайдиган Россия Президенти Владимир Путин ва Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг ҳали бўлмаган учрашувларидир.

Ражаб Эрдўғон Ғарб-Россия совуқ урушида икки тарафда баравар бўлишга ҳаракат қилаётгани ўта ножиддий бўлиб, охир-оқибат Туркияга катта зарар келтиради. Ҳозирнинг ўзида икки тараф ҳам Туркиянинг парчаланиб кетишиша ҳисса қўшадиган ишлар қилаётганлари сир эмас. Эрдўғон Туркияни исломий давлатга айлантиролса, унинг парчаланишини икки тараф ҳам тезлаштиради, холос.

Буларнинг ҳаммасини саммит қатнашчилари жуда яхши тушунадилар. Айнан шу сабабли саммитда умумий гаплардан нарига ўтилмайди. Икки тарафлама учрашувларда эса, муҳим масалалар бўйича келишувлар бўлади.

Саммитда меҳмон сифатида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой иштирок этмоқда. Бу тиниб-тинчимас сиёсатчи ўз мамлакатини дунёга танитиб бўлди. Ўзбекистонимиз давлат сифатини ҳам йўқотиб бўлди, биз билан ҳозир ҳеч кимнинг иши йўқ. Ислом Каримни тупроққа тиқиш маросимига Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон президентларигина келгани бунинг яна бир исботидир.