21 August 2016
07:40 - Эрдўғончи-гуленчиларнинг ўзаро уруши давом этар экан, Абдураҳим Пўлат башорат қилганидек, Туркия исломий терроризм марказига айланмоқда, кеча бир тўйда 30 киши ўлдирилди

Туркияда эрдўғончи-гуленчилар ўзаро уруш билан овора экан, пайшанба ва жума кунлари курдларнинг Ғарб тарафидан ҳам террористик деб тан олинган ПККси мамлакат шарқидаги икки вилоятда уюширган терактлари натижасида ўнлаб полициячилар ва тасодифан ўша ердан ўтаётган оддий одамлар ҳалок бўлгани, яралангаларнинг сони 100-200 орасида эканлиги айтилганди.

Кеча, яъни шанба куни кечқурун ИШИД ўзини намойиш қилди. Ғозиантеп вилоятидаги Шаҳинбей туманининг Бейбоғча маҳалласида, бир маҳаллар Ўзбекистонда ҳам кўп бўладигани каби, кўчада тўй ўтказилаётганда ўлимчи-террорист ўзини-ўзи портлатди. Илк хабарларга кўра, тўй меҳмонларидан 30 киши ҳалок бўлди, ярадорлар сони 100 га яқин. Уларнинг сони ҳали ортишини маҳаллий расмийлар айтмоқдалар.

Ўлимчи террорист тўй бўлаётган жойга 25 ёшлардаги икки одам билан келган, аммо у икки одам портлашдан бироз аввал у ердан чиқиб кетган экан.

Президент Ражаб Эрдўғон ва Бош вазир Бинали Йилдирим ғазаб тўла баёнотларида террористлар жазодан қутулолмаслигини алоҳида урғуладилар, аммо ўзлари фатхулла-гуленчилар билан уруш ичида бўлиб, на ПККчиларнинг, на ИШИДчиларнинг террористик актларини тўхтата олмаётганларини эсламадилар. Эрдўғон тўйдаги терактда ИШИДни айблар экан, ИШИД, ПКК ва Фатхуллачиларнинг Террористик Ташкилоти бир биридан фарқ қилмаслигини ҳам таъкидлади.

Бу терактнинг ИШИДга алоқаси борлиги ҳақида ҳали биронта факт келтирилгани йўқ, лекин ҳар ҳолда жиддий гумонлар бўлса керак.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ўтган йилнинг бошларида АҚШ Президенти Барак Обамага йўллаган хатида исломий терроризмининг маркази Туркия ва Марказий Осиёга кўчишини ёзган эди. Нима ҳам дердик, унинг башоратлари яна тўғри чиқмоқда. Энди навбат Марказий Осиёгами?