
Туркия оммавий ахборот воситалари шапкаларини осмонга отиб, ўрисларики эса анчагина совуққонлик билан Ражаб Эрдўғоннинг Санкт-Петербургда Владимир Путин билан учрашуви натижасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар турклар ўрисларнинг ҳарбий учоғини уриб туширишдан аввалги даражага, балки, ундан ҳам юқорироққа чиққанини гапирмоқдалар. Икки лидер учрашувдан кейин ўтказган матбуот конференцияларида айнан шу нарсалар айтилганди. Хуллас, савдо алоқалари тикланади, икки мамлакат ўртасида йўловчи учоқларнинг учиши қайтадан йўлга қўйилади, ўрис туристлар Туркиянинг Ўртаер денгизи бўйидаги курортларини қайтадан тўлатадилар, Россия Туркияга газ сотиш бўйича тўхтатиб қўйган лойиҳаларини тирилтиради ва ҳоказолар.
Икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларнинг тикланиш ростдан ҳам яхши воқеа. Аммо, кечагина совуқ урушни қўйиб туринг, ростакам урушга ҳам тайёрдек кўринган давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг бунчалик тез ўзгариши ножиддийликдан бошқа нарса эмас.
15-16 июлдаги давлат тўнтаришига уринишидан кейин кўриниши ўта ачинарли бўлган Ражаб Эрдўғоннинг Санкт-Петербургада бахтли кўриниши ҳақида Туркия матбуоти ҳам гапирмоқда. Аммо, Путиннинг кўриниши ўта ғариб эканлигини ҳеч ким нимагадир кўрмаяпти. Ғарибликнинг сабаби – Путин қилаётган ишнинг ножиддийлигини тушунаётганида бўлса керак.
Сурия масаласида икки лидер умумий фикрга келолмаганлари ҳам диққатга сазовор нарса. Кўрамиз, улар умумий фикрга келоладиларми?
Россия-Туркия муносабатларининг бу қадар оғиз-бурун ўпишувга айланиб кетаётганидан Ғарб қандай хулоса чиқаради? Ғарбнинг Туркия билан алоқалари қайси йўналишда кетади? Бундай саволлар кўп, аммо ҳали жавоб йўқ.
Назарий нуқтаи назардан қаралса, бундай ножиддийлик пичоққа илинадиган натижаларга олиб бориши мумкин эмас. Агар икки тараф шу аксиомани тушуниб, бундан буёғига жиддийроқ қадамлар қилиш билан шуғуллансалар, ҳаммага, яъни Туркияга ҳам, Россияга ҳам, Турк Дунёсига ҳам, Ғарбга ҳам, яхши бўларди.
Жиддийроқ қадамларнинг энг жиддийси - Путин Эрдўғонга Туркияни исломлаштириш йўлидан қайтиш кераклиги ҳақида жиддий сигнал бериши, Эрдўғон бундай огоҳлантиришни жиддий қабул қилиши бўлади. Акс ҳолда, Ғарбнинг босими остида Россия парчаланиб кетиши муқаррар бўлгани каби, Туркия ҳам парчаланиб кетади.