
Англияда чиқадиган дунёча машҳур Financial Times газетаси жаҳонда демократия кризисга учраётгани ҳақида мақола эълон қилди. Газета бутун дунёда, энг муҳими, “Араб баҳоридан” кейин Яқин Шарқда, келажак ва демократияга ишонч камайиб бораётганини ёзган, бу мавзуни яхшигина анализ қилган, машҳур Freedom House ташкилотининг сўнги ўн йилликда жаҳон бўйлаб сиёсий эркинликлар торайиб бораётгани ҳақидаги фикрини ҳам келтирган. Бу ташкилотнинг тадқиқиотларига кўра, эркинликлар масаласига эътибор бермаётган мамлакатлар сони 72 га чиққани ҳам айтилади.
Эркинликлар даражаси энг паст минтақа Яқин Шарқ эканлиги, аммо баъзи Европа мамлакатларида, ҳатто АҚШда ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши борлиги афсусланиб таъкидланган. Доналд Трамп АҚШ президенти бўлиб сайланиш-сайланмаслигидан қатъий назар, у АҚШ демократиясининг обрўсизлантириб бўлгани алоҳида урғуланган.
Financial Times мутлақо ҳақ, дейди мухбиримиз. Дунёда демократия ва инсонларнинг эркинликлари тораймоқда. Хўш, бунинг сабаби нима? Аммо Financial Times бундай савол қўймаган ва унга жавоб бермаган.
Бу ерда машҳур газета кўтарган масалани тафсилотли муҳокама қилиш ниятимиз йўқ. Чунки, “Ҳаракат” Агентлиги сўнги йилларда айнан шу масалани ҳар тарафлама анализ қилиб бормоқда ва жаҳон бўйлаб демократия торайиб бораётгани, агар бутун жаҳон, биринчи навбатда Ғарб, бу масаланинг илдизларини кўра олмаса, демократия бундан ҳам торайишини башорат қилмоқда.
“Ҳаракат”нинг асосий фикри “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг бу йил 20 февралда АҚШ Президенти Барак Обамага йўллаган 3-чи хатининг сарлавҳасида энг қисқа ва лўнда шаклда ифодаланган. Мана ўша сарлавҳа: “Ислом секуляризмни қабул қилмагунча – дунёда на демократия, на дин эркинлиги бўлмайди” (инглизча - While Islam does not recognize secularism - no democracy and freedom of religion in the world).
Одатда хатларга сарлавҳа қўйилмайди, дейди бу хусусда Абдураҳим Пўлатнинг ўзи. Аммо, Обамага ёзган биринчи хатимга берилган қисқа “раҳмат” мактубидан тушундимки, у хатга ҳеч ким ортиқча эътибор бермаган. Оқ Ўй ходимларини ҳам тушуниш мумкин. Ҳеч ким исмини ҳам билмайдиган қандайдир Абдураҳим Пўлат 21-асрнинг жаҳон миқёсидаги энг катта муаммосини тўғри анализ қилиб, бу муаммонинг ягона ва тўғри ечим йўлини кўрсатиши ҳеч кимнинг ақлига ҳам келмайдиган нарса-ку. Айнан шуни тушунганим сабабли, дуёнда яна бир янги анъана яратиб, кейинги хатга сарлавҳа қўйдим.
Бир неча кун аввал, тўғрироғи, 2 август куни Барак Обамадан 1 варақли 28 июлда ёзилган иккинчи жавоб хатини олдим. Бу хатнинг аввалгисидан фарқи шундаки, у бир неча сатрли “раҳмат” хати эмас, мен кўтарган масаланинг моҳиятини муҳокама қилган хат. Демак, сарлавҳа туфайли, Оқ Ўй ходимлари ва ҳатта АҚШ Президентининг эътиборини жаҳон муаммосига қаратолдим. Бу хат хусусида тафсилотли хабар бериш ниятим бор, аммо ҳозир вақтим йўқ. Табиий, Обамага яна бир хат ёзиш кераклиги ҳам кун тартибига келмоқда.
Ҳозир айтмоқчиман, Financial Times газетасидек машҳур оммавий ахборот воситасининг журналистлари ҳам ҳали тушуниб етмаётган ҳақиқат шундан иборатки, жаҳон демократияси ва инсон эркинликлари соҳасидаги кризис - ҳозир кенгайиб бораётган ислом терроризми сабабли ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишга бошлаётган Ислом динидаги чуқур инқирознинг натижасидир. Бу кризисдан чиқишнинг ягона йўли – Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Акс ҳолда, Ислом дини ёки йўқ бўлади, ёки йўқ қилинади. Чунки, одамзот ҳеч қачон ислом терроризмини кўникиш керак бўлган нарса деб тан олмайди. Унинг олдида тиз чўкмаслиги ҳам ўз-ўзидан маълум.