06 June 2009
23:27 - Муҳим хабар: Афғонистон президенти Қирғизистондан АҚШ базасини сақлаб қолишни сўради
Reuters агентлигининг хабарига кўра, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай қирғиз ҳамкасби Қурмонбек Бақиевга мурожаат қилиб, АҚШнинг Манас ҳарбий базасини бекитиш қарорини бекор қилишни сўраган. Агентлик бу янгиликни Қирғизистон президенти котибияти раҳбарининг ўринбосари Максим Каганердан олган.

Карзайнинг фикрича, агар Афғонистонда расмий ҳукуматга қарши курашаётган кучлар ғолиб чиқса, бу - Марказий Осиё давлатлари учун ҳам ёмон бўлади. Шу сабабли, Карзай АҚШнинг Қирғизистондаги базасини сақлаб қолишни сўарган, дебди Максим Каганер.

Агентликнинг хабарида қуйидагилар ҳам эслатилади. Қирғизистон яқинда Россиядан $2 млд қарз олишга эришгандан кейин шундай қарор қилган. Россия Марказий Осиёни ўз манфаатлари доираси деб ҳисоблайди ва бу ерда америкаликларнинг таъсири ортиб бораётганидан норози. 15-16 июнь кунлари бўладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити давомида Карзай ва Бақиевнинг учрашуви кутилмоқда.