06 June 2009
02:23 - Қашқадарёдаги автоҳалокатда 30 одам ўлганди, терговлар ҳам талафотсиз бўлмаса керак
Бугун мухбирларимизнинг аниқлашича, Қашқадарёда автоҳалокатга йўлиққан автобус тегишли бўлган Шўрчи туманидаги “Карвон-Ш” фирмаси раҳбарларининг ҳоли ҳам қурбонларникидан яхши эмас.

Аҳолига Тошкент-Шўрчи йўналиши бўйича транспорт хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи “Карвон-Ш” фирмаси аллақачон ёпилган, унинг директори Нурали Ҳайиталиев ҳамда механик Шуҳрат Ўроловга нисбатан Сурхондарё вилояти прокуратураси ЖКнинг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатларини вилоят прокуратураси терговчиси Комил Назаров олиб бормоқда.

Шу йилнинг 19 майида ҳибсга олинган фирма механиги Шуҳрат Ўролов Шўрчи тумани ИИБ миршаблари томонидан калтакланиб, чалажон ҳолатга келтирилган. Ҳозирда калтак зарбидан бўйин умуртқа поғонаси синган механик пойтахтдан махсус чақирилган профессорлар иштирокида операция қилинди, лекин у бир умрга ногирон бўлиб қволиши мумкин. Миршаблар жиноятни яшириш мақсадида гўё уни ўз жонига қасд қилгандек кўрсатиш мақсадида билагидаги вена томирларини кесишган. Шуҳрат вилоят шифохонасининг Неврология бўлимида сақланмоқда.

“Отам шу йилнинг 2 мартида бу фирмага ишга кирганди. У Шўрчи-Тошкент йўналишига жавобгар эди. Тошкентдан қайтишга бошқалар жавоабгар бўлишган, лекин отамни айбдор қилишмоқда. Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-у қуруқ баравар ёнаркан. Мана кўрсайсизми, у энди бир умрга ногирон бўлиб қолади. Ҳатто ўзим йиқилиб тушдим деб ёздириб ҳам олишибди. Палатада икки миршаб қўриқлаб ётибди”, дейди механикнинг ўғли.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 2 майига ўтар кечаси Қашқадарёда рўй берган автоҳалокат туфайли 30 га яқин одам ўлганди. Йирик кўламдаги автоҳалокат оммавий ахборот воситаларида шов-шув бўлган ва шахсан Президент Ислом Каримнинг эътиборига тушгани.ҳам мълум. Энди билинишича, ИИВнинг бир қанча мулозимлари, Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти миршаббошилари жавобгарликка тортилган экан.