Январь ойида АҚШдаги штатлар бўйлаб бошланган Республикачилар Партиясининг бошланғич бочқич сайловларида, яъни праймеризларда аввалига асосан Доналд Трамп ғалаба қозониб келаётган эди. Аммо, у 6 апрелда Колорадо штатида ва 10 апрелда Висконсин штатида ўзининг асосий рақиби Тед Крузга катта ҳисоб билан ютқазиб, бу кичкина штатлардан партия қурултойига сайланадиган ҳамма делегатлар Тед Круз тарафдори бўлиб чиққандан кейин, “сайлов кампаниясида жиддий ўзгаришлар бошландими?” деган саволлар уйғонди.
Бироқ, кейинги воқеалар ҳамма нарсани ўз жойига қўйди. Ўтган ҳафта Доналд Трамп ўзи яшайдиган Нью-Йорк штатида ғалаб қозонган эди, кеча яна 5 штатда - Коннектикут, Делавэр, Мэриленд, Пенсильвания, Род-Айлендда ғалаба қозонди ва бу штатлардаги сал кам ҳамма делегатлар ўзининг тарафдорлари бўлишига эришди.
Шундай қилиб, Доналд Трамп тарафдори делегатларнинг сони 988, Тед Круз тарафдорларининг сони 568, Жон Касич тарафдорларининг сони 152 бўлди. Республикачилар Партиясининг қурултойида ғалаба қозониб, бу партиянинг президентликка номзоди бўлиш учун камида 1 минг 237 делегатнинг овози керак. Ҳеч шубҳа йўқки, ҳатто Республикачилар партиясининг раҳбарияти бунга қарши бўлаётганига қарамасдан, Доналд Трамп бу партиянинг номзоди сифатида 8 ноябрда бўладиган президент сайловида иштирок этади.
Кўринишидан, унинг асосий рақиби – Демократик Партиянинг номзоди бўлиш учун кураш олиб бораётган Ҳиллари Клинтон бўлади. Кеча у юқорида номи олинган 5 та штатнинг 4 тасида ғалаба қазонди. Унинг ягона рақиби Берни Сандерс фақат Род-Айленд штатида ғалаба қозонди. Буни тушуниш мумкин, чунки, у айнан шу штатдан Сенатор бўлиб сайланган. Демократик партиянинг қурултойида Ҳиллари Клинтон тарафдори бўладиган делегатларнинг сони 2 минг168 бўлди, Сандерс тарафдорлари – 1 минг 401. Ғалаба қозониш учун 2 минг 383 делегатнинг овози керак.
Демак, “Ҳаракат” аввалдан башорат қилиб келаётгандек, Республикачилар Партиясининг президентликка номзоди Доналд Трамп, демократларники эса Ҳиллари Клинтон бўлади.
8 ноябрь сайловларини эса, бизга кўра Доналд Трамп ютади ва АҚШнинг навбатдаги президенти бўлади.