1956 йил 26 апрелда туғилган Васила Иноят Ўзбекистон парламенти, расмий номи Олий Совет, 1989 йил 21 октябрда “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг талаби билан Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш арафасида ўтказилган “Бирлик”нинг митингида “Она тилим олган куним тўй қиламан” деган сатрлари ҳам бор шеърини ўқиб Ўзбек миллатининг тарихига кирди. Аслида, ўзбеклар сўнги асрларда тўй қилишдан бошқа нарсани билмайдиган ҳолга тушганларини ҳамма билади. Аммо, ўз тили учун тўй қиламан дейдиган Василадек ўзбек ўша кунгача бўлмаган.
Васила Иноят ўшандан бери “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва унинг асосида тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг фаоли. Оддий аъзоликдан партиянинг Бош котиби даражасигача кўтарилди. Ўзбекистонда Сталин замонини эслатувчи режим ўрнатилгандан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам фаолият кўрсатишга бошлади. Ҳозир дунёга машҳур Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятини раисидир.
Бугун Тошкентдаги “Офтоб” ресторанида ўтказилган юбилей тантанасига Васила Иноятнинг қариндош-уруғлари ҳамда тошкентлик ва вилоятлардан келган сафдошлари келишди. Умрининг тенг ярмини мамлакатимиздаги миллий озодлик ҳаракатлари, ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолиятига бағишлаган афсонавий аёлни ёру-дўстларнинг барчаси қутлашди.
Биз ҳам таҳририятимиз ва сафдошлар номидан тоталитар замонлардаёқ қўрқмасдан “Она тилим олган куним тўй қиламан” дея ҳайқирган дўстимизни қутлаймиз. Фаолиятида юксак муваффаққиятлар, омадлар, узоқ умр тилаймиз.