19 April 2016
18:08 - Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Шуҳрат Нусратов озодликка чиқди
Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил сентябрь ойи охиридаги сессиясида президент Ислом Каримов кескин танқид қилган ва 2012 йилда иқтисодий жиноятларда айбланиб, етти йилга қамалгач, жазо муддатини Навоийдаги колонияда ўтаётган 69 яшар собиқ депутат Шуҳрат Нусратов шу кунларда озодликка чиқарилибди.

Нусратов парламентнинг ўша сессияда Миллий хавфсизлик хизматини шахсан президентга бўйсундиришга қаратилган “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги қонунга қарши чиққан. “Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак, эртага бизни қамашади, кейин сизни қамашади”, деганди ўшанда депутат.

Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Ўша пайтда қоуннни қабул қилган депутатларнинг айримлари қамалди, кўпчилиги кейинги муддатларга депутат бўла олишмади. Нусратов эса қамалишидан аввал Тошкентдаги пиво ишлаб чиқарувчи "Сarlsberg Uzbekistan" ширкати бошқарувчиларидан бири бўлиб ишлаётганди.

Лекин, дейди мухбиримиз, Нусратовнинг “бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади” деган сўзлари ақлли одамлар учун ўша пайтдаёқ кутилмаган янгилик эмасди. Чунки, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 1990 йилнинг декабрь ойида ёзган “Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида” номли мақоласида, унинг номидан кўриниб турганидек, ҳамма нарсани аввалдан башорат қилиб бўлган эди. Ўзбек халқи ва бу халқнинг Нусратов каби фарзандлари бундай башоратларни тушунадиган даражада бўлса эди, диктатуранинг олдини ҳам олиш мумкин бўларди. Шундай экан, ҳозирги диктатурада ўтиришимизга халқнинг ўзи ҳам сабабчи.