05 June 2009
01:51 - Дилмурод Саййиднинг суди яна қолдирилди
Бугун жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди “Эзгулик”чи журналист Дилмурод Саййиднинг иши юзасидан яна 9 июнга қадар танаффус эълон қилди. Дилмурод билан бирга судланаётган Анорқул Пўлатовнинг адвокати Акром Жўраев келмагани учун қолдирилган суд мажлисига 50 дан ортиқ одам тўпланганди. Суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун келган “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Холиқназар Ғани Дилмурод Саййид билан қисқа суҳбатлашди, унга сафдошларнинг маънан қўллаётганини етказди. Дилмурод Саййиднинг ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳимоя томони Дилмуродннинг ўткир сурункали сил (туберклёз) билан оғриётгани, шу боисдан унга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб илтимоснома киритмоқчи эди. Ҳатто бу борада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ўзбекистон ЖПК 252-моддаси (Жамоа ва жамоат кафиллигига олиш) бўйича кафолатномаси ҳам мавжуд эди. Эслатиб ўтамиз, муқаддам “Эзгулик”нинг журналистга нисбатан кафолатномасини мамлакат Бош прокуратураси ва Олий суди эътиборсиз қолдирганди.