16 December 2015
22:33 -
“ЭЗГУЛИК” ЖАҲОН БАНКИ ҲАМДА ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИГА БОЙКОТ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ! (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти БАЁНОТИ1, 6 декабрь 2015 йил)

Мазкур нуфузли икки тузилма инспекторлари шу йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонга келишди ва болалар меҳнати бўйича мониторинглар олиб боришди ҳамда мамлакатда болалар меҳнати мавжуд эмас, деган хулоса беришди. Ҳолбуки, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва бошқа расмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган текширувлардан аввал “Эзгулик” Ўзбекистон Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган нодавлат ташкилоти сифатида текширувларда иштирок этишни сўраган, Жаҳон Банки ва ХМТ инспекторларига ҳамкорлик таклиф қилганди. Аммо бу нуфузли ташкилотлар “Эзгулик”нинг ташаббусини синдирди ва Ўзбекистон ҳукуматининг ноғорасига ўйнаб, мамлакатда бола меҳнати эксплуатацияси ҳолларига кўз юмди.
Бинобарин, мамлакатиизнинг Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни пахта йиғим-теримига жалб этиш ҳоллари учради. Шунга қарамай Жаҳон Банки ўз устав қоидаларига зид равишда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг айрим йўналишларига кредитлар ажратиш, лойиҳаларни молиялаш қарорига келмоқда. Дунёнинг узвий қадриятларидан бирига айланиб бораётган инсон ҳуқуқлари масаласига бепарво бундай молия институтлари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти наздида ҳурматга сазовор эмас. БМТ Халқаро Меҳнат Ташкилоти инспекторларининг сохта хулосаларини эса қабул қилмаймиз!