07 October 2015
08:41 -
Курдларнинг ПККчи террористлари билан уруш ичида бўлган Туркия 1 ноябрь сайловларига қараб кетмоқда

Ҳар бир ҳужумда 1-2 аскар ёки полициячи ўлдирилмоқда ёки ярадор бўлмоқда. Террористлар ичида ўлаётганлар ундан ҳам кўп.
Айни замонда, мамлакат бўйлаб сайлов олди кампанияси давом этмоқда. Маълумки, 7 июнда ўтказилган парламент сайловларида ҳеч бир партия 50 фоиздан кўп овоз ололмади ва якка ўзи ҳукумат қуроладиган ҳолга келолмади. Парламентга кирган 4 партиянинг 550 кишилик парламентдаги депутатлар сони ва партияларга овоз берганлар сайловчиларнинг фоизи қуйидагича бўлган эди:
АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси – 258 ( тахминан 41%)
ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси – 132 (тахминан 25%)
МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 80 (тахминан 16%)
ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси – 80 (тахминан 13%)
Ҳозирги сайлов олди кампанияси ҳам уруш каби бормоқда. Партиялар бир-бирларини ўласи қилиб танқид қилмоқдалар. Турли сўровномалар ўтказилиб, қайси партия қанча овоз олиши мумкинлиги ҳисобланмоқда. Турли сўровномаларнинг натижалари турли бўлса ҳам, улар тахминан қуйидагича чиқмоқда:
АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси (исломчилар) – 42-43%
ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси (сўлчилар) – 25-26%
МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси (миллиётчилар) – 14-15%
ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси (курдлар) – 12-13%
Демак, 1 ноябрдаги сайловларда ҳам асосий муаммо коалицион ҳукумат қуриш бўлиб қолади. Ичкарида қонли уруш, қўшни Ироқ-Сурияда Туркияга сачраб турган ўта қонли уруш давом этар экан, Туркия ичида сиёсий барқарорлик йўқлиги вазиятни яна ҳам мураккаблаштирмоқда.