27 May 2009
19:47 - Туркия ва Қирғизистон президентлари умумий декларацияси имзолашди
Кеча расмий ташриф билан Қирғизистонга келган Туркия президенти Абдуллоҳ Гул бугун бу ердаги ҳамкасби Қурмонбек Бақиев билан музокаралар олиб борди. Музокаралардан кейин икки президент Умумий Декларация имзоладилар. Бу каби ҳужжатлар учун табиий бўлган дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги умумий сўзлардан ташқари уч нуқта диққатга сазовордир.

Биринчиси. Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Декларация матнида шундай сўзлар бор: “Туркия президенти Абдуллоҳ Гул 2009 йил 26-28 май кунлари расмий визит билан Қирғизистон Республикасида бўлди.” Худо хоҳласа, ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаса, шундай бўлади. Аммо, бугун 27 май, демак, расмий визит ҳали тугамади. Аммо, Декларацияда матнида визит 26-28 май кунлари бўлиб ўтгани таъкидланади.

Иккинчиси. 18 моддадан иборат бўлган Декларациянинг 6-чи моддаси айнан шундай: “Туркия Республикаси Қирғизистон Республикасининг Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш, сув-энергетикаси ва ёқилғи ресурслари масалаларини икки ва кўп томонли форматда умумий фойдага асосланган конструктив ҳамкорлик руҳида ҳал этишга интилишини олқишлайди.”

Кўриниб турибдики, бу моддада тилга олинган мавзунинг Туркия-Қирғизистон муносабатларига алоқаси йўқ. Аммо, сув-энергетик масалаларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кескин келишмовчиликлар бор. Шундай экан, жуда умумий шаклда бўлса ҳам, Туркия гўёки Қирғизистон тарафида деган тушунчани шакллантиришга интилиш тўғри эмас. Туркия бу масалада ҳамма учун қониқарли ва фойдали бўлган ечимлар қидириш тарафдори эканлигини, керак бўлса, ёрдамчи бўлиши мумкинлигини билдирса, яна ҳам тўғрироқ бўларди.

Учинчиси. Декларациянинг 17 моддасида Афғонистон муаммосини ҳал этишда ҳамкорликни давом эттириш айтилади ва Туркия тарафи Қирғизистон Республикасининг бу йўналишдаги “Бишкек ташаббусларини” қўлаб-қувватлаши урғуланади. Ваҳоланки, Бишкек Москванинг буйруғи билан Афғонистонда уруш олиб бораётган АҚШни Манас ҳаво базасидан ҳайдамоқда. Толибон ва Ал-Қоида Марказий Осиёга ҳам хавф солиши ҳисобга олинса, Бақиев ҳукуматининг қилаётган иши озгина бўлса ҳам Талибон ва Ар-Қоидага ёрдам беришдир. Шундай экан, Туркия Бишкекнинг қайси ташаббусларини қўллаб-қувватлайди?