Ўтган ҳафта ҳеч бир сабабсиз тушиб борган Нью-Йорк фондлар биржасининг асосий кўрсатгичи бўлган Dow Jones индекси жума куни 17,373 да тўхтаганини билдирган эдик. Кеча душанба куни яна ҳеч бир сабабсиз бу индекс 242 поғана юқорига сакради ва 17615 да тўхтади. Ваҳоланкгки, бутун дунёнинг молиявий ва иқтисодий системаси шу кўрсатгичга қараб ҳаёт кечиради. Демак, энг камида, бундай ўсишнинг сабабини кўрсатишга ҳаракат қилиш лозим.
Reuters агентлигига кўра, сабаб – нефть нархининг тушиши ва Хитой иқтисодидига ўсиш тўхтагани ёки камайгани эмиш. Бунга Reuters агентлигининг ўзи ҳам ишонмаса керак. Чўнги ҳафталарда нефть нархи тушаётганди, Хитой иқтисодидаги ўсиш жиддий шаклда оқсоқлашга бошлаганди. Dow Jones индекси буни дам олиш кунлари сезиб қолибдими?
Бу масалада “Ҳаракат”нинг ҳақ эканлигини тан олишдан бошқа йўл йўқ. Айнан биз АҚШдек давлатнинг иқтисодий ва молиявий системасида бўлаётган жараёнларни тўғри ифодалайдиган математик имкониятлар йўқлигини, улар принцип ўлароқ бўлолмаслигини такидламоқдамиз ва Dow Jones каби индексларнинг барқарорлиги ҳам зиг-загли ўзгаришлар ичида бўлишини айтиб келмоқдамиз.
Бизга кўра, АҚШ иқтисоди 2008 йили бошланган кризисдан чиқиб бўлди, Dow Jones индексидаги ўзгаришлар зиг-загли барқарорликнинг ташқи кўри нишидир.
Муҳим бўлгани, ўзбеклар ҳам бу дунёнинг реалликларини, Dow Jones каби индексларнинг кунлик ўзгаришларни тушунишга бошлашлари кераклигидир. Бунинг учун, авваломбор АҚШда ишлаётган ўзбеклар ҳам, бошқа мамлакатларда яшаётган ўзбеклар ҳам, фондлар бозорида кетаётган жараёнлар билан қизиқишлари, қўл билан ушлаб бўлмайдиган, кўзга кўринмайдиган Dow Jones каби индекслар билан яшашни ўрганишлари, пулларини фақат банкларда эмас, фондлар бозорининг акцияларида ҳам сақлашни ўрганишлари лозим.
Ўзбекистондаги ота-оналарга ёрдам бериш шарт, аммо у ерга ортиқча пул юбориш ўзбекларнинг душмани бўлган мавжуд режимга хизмат қилиш ва пулни сувга оқизишдир. Ўзбеклар чет элларда ҳам ош ейиш ва Ўзбекистонга пул юборишдан ташқари, ишлаётган мамлакатларида пул йиғиб, кичкина бўлса ҳам ўз бизнесларини очиш устида ўйласалар, фойдали бўлади.
Айнан шундай одамлардан кейинчалик катта бизнесменлар чиқади. Ана ундан кейин Ўзбекистонда ҳам бизнес очишни ўйлаш мумкин. Акс ҳолда, бутун дунёни мардикорлар билан тўлатиб юраверамиз.
Расмда - Нью-Йорк фондлар биржаси ҳам жойлашган машҳур Wall St (Уолл-стрит).