Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, вазир Абдулазиз Комил бугун ўз идорасида мамлакатимизга тайинланган Гана элчиси Алхожи Баву Гильберт Айембеллни қабул қилибди. Элчининг асосий резеденцияси Теҳронда бўлиб, у Ўзбекистондаги мисияни ҳам адо этади. Элчи Президент Ислом Каримнинг номига битилган анъанавий ишонч ёрлиғини топширган.
Ганадек кичик бир давлат Ўзбекистонга ўз элчисини тайинламай, Эрондаги элчисининг елкасига яна бир лавозим юклаётганидан ҳам кўриниб турибдик, бундай элчининг кераги бор ёки йўқ деген савол қўйиш ҳам кулгили бўларди. Бошқа биронта давлатда бундай воқеа хабарга ҳам лойиқ кўрилмасди. Бизда эса, мавжуд режимнинг ҳамма қўғирчоқ ахборот воситалари бу ҳақда хабар бердилар. Уларнинг устидан кулиш учунгина, биз ҳам бу хабарни бермоқдамиз.
Вазирликнинг хабарига кўра, Гана элчиси билан вазиримиз минтақавий ва халқаро масалалардаги бир қанча муаммоларни кенгашган эмиш. Бундан ҳам қизиғи, мазкур мамлакат билан 1993 йилнинг 28 октябридан бери дипломатик муносабатлар йўлга қўйилганмиш. Бунинг устига, Гана шу пайтга қадар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, ирригация ва тилла қазиб олиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириб келган эмиш. Охирги жумланинг ножиддийлиги устидан фақат биз эмас, ганаликлар ҳам кулиши муқаррар.