Бу мамлакатда яқинда ўтказилган парламент сайловларида парламентга кирган 4 та партяининг ҳеч бирида ҳукумат қура оладиган куч йўқ. Коалиция тузиш ҳам осон бўлмаяпти. Чунки, 4 та партия бир-биридан жуда фарқли партиялардир. Қаранг – исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП, 550 ўринлик парламентда 258 депутати бор ), Отатурк тарафидан қурилган сўлчи Жумҳурият Халқ Партиси (ЖҲП – 132 депутат), миллатчиларнинг Миллиётчи Ҳаракат Партияси (МҲП – 80 депутат), Курдистон давлати қуриш орзусидаги курдлар қурган Халқларнинг Демократик Партияси (ХДП - 80 депутат).
Бундай партиялар қандайдир коалициялар қуришига ишониб бўлмасди. Аммо, ҳозирги оғир вазият уларни демократик йўлдан кетишга, коалиция тузиш йўлида қаттиқ ҳаракат қилишга мажбур қилаётгани кўриниб турибди. Шу кунларда бу мамлакатнинг парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисининг раиси сайланиши керак. 4 партиянинг ҳар бири ўз номзодини кўрсатди. Ҳозир бу номзодлар бошқа партиялар билан музокралар олиб бормоқдалар. Уларни партиялараро музокаралар ҳам дейиш мумкин. Конституцияга кўра, биринчи турда ютиш учун 75 фоиз овоз олиш керак. Тўртинчи турда эса, унгача етиб келган 2 номзоддан қайси бири кўп овоз олса, ўша раис бўлади.
Парламент сайлови олдидан олиб борилаётган партиялараро музокаралар жуда мураккаб. Масалан, МҲП курдларнинг ХДПсини тан олмаслигини, у билан ҳеч қандай музокралар олиб бормаслигини эълон қилди. Нима бўлганда ҳам, парламент раисини сайлаш босқичи – ҳукумат қуриш учун коалиция яратиш йўлининг асосий қисми бўлиб қолиши мумкин. Шундай бўлса, Туркия учун яхши бўлади.
Аммо, ҳозир Туркиянинг боши Суриядаги воқеалар муносабати билан ҳам дардда. Маълумки, Ғарбнинг ёрдами билан суриялик курдлар Туркия билан чегарадош ўлканинг бош шаҳри Кобанидан ИШИДни сиқиб чиқариб, у ерда ҳукмронлик қилишга бошладилар. Улар бу ерда мустақил курд давлати тузишлари мумкин. Ироқнинг Туркия билан чегарадош ўлкасида бундай давлат феълан тузилиб бўлган. Демак, навбат Туркиядаги курдларга келади, улар ҳам ўз давлатларини тузадилар.
Бундай шароитди Туркия ҳукумати ўз армиясини Суриянинг шимолига олиб киришни жиддий шаклда ўйламоқда. Ҳукумат ўз армиясига бу хусусда тайёрланиш буйруғи ҳам берди. Аммо, армия воқеларнинг келажагидан қўрқмоқда. ИШИД атрофида бўлаётган ва ҳали бери тугамаслиги кўриниб турган урушга аралашиб қолишидан ҳам қўрқмоқда. Ўз навбатида ИШИД ҳам Туркия бу ишларга аралашишини истамайди. У ҳозир Туркия билан чегараларни миналаштириш, баъзи жойларда эса, зовур/траншеялар қазиш билан овора.
Туркиянинг ичкарисида сиёсий барқарорлик йўқлиги, ташқи хавфларни ҳам ҳисобга олсак, мудҳиш муаммога айланмоқда.
Турк Дунёсини энг катта давлати бўлган Туркия бу аҳволдан шараф билан чиқишини ҳамма туркий миллатлар ва давлатлар исташи керак. Қани энди ҳақиқий, бирлашган Турк Дунёси бўлса эди, у Туркияга ҳам маънавий, ҳам бошқача ёрдам берган бўларди. Аммо, бунақа нарса ҳозирча фақат орзудир.