Ҳали Марказий Сайлов Комиссияси кеча Туркияда ўтказилган парламент сайловларининг узул-кесил натжаларини эълон қилгани йўқ. Аммо, Туркиянинг энг обрўли Миллиёт газетаси сайлов бюллетенларининг 99,98 фоизи санаб бўлинганидан кейинги натижаларни эълон қилди. Мана ўша натижалар:
АТП - Адолат ва Тараққиёт Партияси – 40,85%
ЖХП - Жумҳурият Халқ Партияси – 24,96%
МҲП - Миллиётчи Ҳаракат Партияси – 16,28%
ХДП - Халқларнинг Демократик Партияси – 13,11%
Қолган 16 та партия - 4,8%
Энди кўриниб турибдики, ҳали саналмаган 0,02 фоиз бюллетенлар сайловларнинг узул-кесил натижаларига катта ўзгариш киритолмайди. Туркия қонунларига кўра, 10 фоизлик тўсиқдан ўта олмаган партияларга берилган овозлар эса, параламентга кирган партияларга уларнинг ўзи олган фоизларга пропорционал шаклда бўлиб берилади. Бу нарса ҳам узул-кесил натижаларга катта таъсир кўрсатолмайди.
Демак, сайловларнинг эълон қилинган натижаларини узул-кесил натижалар сифатида тан олиб, у ердаги сенсация деса бўладиган нарсаларга эътибор бериш керак.
Биринчиси. Исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси сайловларда биринчи ўринни олган бўлса ҳам, ҳатто сайлов олди сўровномаларга асосланган натижани кўрсатолмади ва бор-йўғи 40,85% овоз олди.
Иккинчиси. Ўтган йилги президент сайловларида Ражаб Эрдўғонга қарши умумий номзод чиқарган, аммо сайловларни биринчи турдаёқ ютқазган ЖҲП ва МҲП, бу сафар АТПдан кўп овоз олди.
Учинчиси. Курдларнинг ХДПси 13,11% овоз олиб, Туркия миқёсида сиёсий саҳнага чиқди ва Туркия парламентида 80 атрофида депутатга эга бўлади.
Хуллас, исломчиларнинг АТПси парламентда кўпчиликка эга бўлмагани сабабли, ўз ҳукуматини тузолмайди. Қолган 3 партиядан биронтаси у билан коалиция тузадими? Бу саволга жавоб йўқ.
ЖХП ва МҲП коалицияга бирлашиб, АТПга қарши туроладими? Бу саволга ҳам жавоб йўқ.
Туркиянинг Эрон, Ироқ, Сурия ва Арманистон билан чегарадош вилоятларида мутлақо кўпчилик овоз олган курдларнинг ХДПси санаб ўтилган давлатларнинг ҳам ёрдамида Туркияни парчалашга кучи етадими? Йўқ, етмайди. Бу масалада Ғарбнинг позицияси муҳим. Ғарб – Сурия ва Ироқда яшайдиган курдлардан ИШИДга қарши урушда фойдаланмоқчи бўлди. Агар бу уруш давомида курдлар Ғарбнинг ҳам ёрдамида катта натижаларга эришсалар эди, Ғарб уларни Туркияга қарши ҳам қўллaб-қувватлаган бўларди. Аммо, курдлар ИШИДга қарши ҳеч нарса қилолмадилар. Демак, Ғарб уларнинг орқасида турмайди ва Туркия курдлари ҳозирги босқичда кескин қадамлар қилолмайдилар.
Хуллас, Туркиянинг олдида катта муаммолар бор.