27 May 2015
02:31 -
Ўзбеклар Олматада мардикорлик қилар экан, Остона дунёнинг марказларидан бирига айланмоқда

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой пойтахт Остонани Евросиё марказига айлантиришга ваъда берганди. Воқеалар шундай ривожланаверса, Остона фақат Евросиёнинг эмас, дунёнинг марказларидан бирига айланади.
Мана бунинг исботларидан бири. Сўнги 2-3 кун ичида Остонада Сурия диктатори Башар Асадга қарши куршаётган мухолифатчи гуруҳларнинг вакиллари тўпланиб, умумий ҳужжат ҳам имзолашибди. Бу ҳақда хабар берган русларнинг РИА “Новости” Агентлиги бу ҳужжатнинг тафсилотлари тўғрисида ҳеч нарса айтмайди. Тўғрисини айтса, тафсилотлар бизни ҳам ортиқча қизиқтирмайди.
Аммо, нима учун бундай дунё аҳамиятига эга бўлган учрашувлар Тошкентда бўлмайди деган савол ва унинг жавоби бизни қизиқтиради. Гап шундаки ўзбеклар миллат сифатини, Ўзбекистон давлат сифатини йўқотган экан, дунё Тошкент деган шаҳар борлигини ҳам унутиб бўлган. Уни дунёга танитиши керак бўлган Ислом Карим Оқсарой номли инидан чиқмас экан, ўзбеклар овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарса билан қизиқмас экан, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.