18 May 2015
09:13 - Мисрда собиқ президент ўлимга маҳкум қилинганда Туркия Президенти дарғазаб бўлганди, Миср олти нафар исломчини қатл қилиш билан жавоб берди
“Ҳаракат” агентлиги ҳам хабар қилганидек, Ҳусни Муборак режими қулагандан кейин, 2012 йилда Миср президенти бўлиб сайланган ва роппа-роса бир йидан кейин ҳарбийлар таарфидан ағдарилган Муҳаммад Мурси Миср суди тарафидан ҳарбийлар ҳукуматига қарши зўравонликлар уюштиришдан ташқари, ҳокимиятда бўлган пайтида давлатнинг яширин ҳужжатларини чет эллик истиҳборат органларига, хусусан, Эрон органларига беришда айбланиб, аввал 20 йиллик қамоққа маҳкум қилинганди. Аммо, шу йилнинг 16 май куни жазо ўлимга айлантирилди.

Миср судининг бу қарорига асосий танқид Туркия Президенти Ражаб Эрдўғондан келди. У Туркияда 7 июнда бўладиган парламент сайловлари арафасида ҳамма қонунларни бузиб, бир маҳаллар ўзи тузган Адолат ва Тараққиёт Партияси учун сайлов олди кампанияси олиб бормоқда (расмда у бармоқларини исломча букиб, нутқ сўзлаётган пайти). У кечаги чиқишларида Мисрда 52 фоиз овоз олиб президентликка сайланган Муҳаммад Мурсига ва яна 122 исломчига ўлим жазоси берганларни оғир сўзлар билан танқид қилар экан, худди Мурси каби ўзи ҳам кафан кийиб курашга чиққанини урғулади. У Ғарбни ҳам танқид остига олиб, “Улар ўлим жазосига қарши эдилар, ҳозир нимга жим турибдилар?” деб ҳайқирди.

Миср дарҳол Эрдўғонга жавоб берди ва икки полиция ходимни ўлдиришда айбланиб, олий жазога маҳкум этилган 6 нафар исломчи террористни қатл қилди.

Ражаб Эрдўғон Турк дунёсини унутиб, Араб дунёсига лидерлик қилишга интилаётгани қанчалик ножиддийлик эканлиги ҳақида “Ҳаракат” аввал ҳам жирканиб гапирган эди. Мана энди Эрдўғоннинг ўзи шарманда бўлмоқда. Араб дунёсининг энг муҳим аъзоси бўлган Миср Эрдўғонга тупурмоқда.