04 May 2015
19:23 - АҚШ элчиси Ўзбекистон Меҳнат вазири билан учрашди
Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг матбуот хизмати АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Памела Спратленнинг вазир Азиз Абдуҳакимов учрашгани ҳақида хабар қилди. Учрашувда элчи вазирликнинг аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича республика миқёсида олиб борилаётган ишлар билан танишган. Вазир элчига ҳукуматнинг касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратаётгани билан мақтанибди.

“Азиз Абдуҳакимов халқаро ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти, Жаҳон банки билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйилганини, BetterCottonInitiative дастурини жорий қилиш борасида музокаралар олиб борилаётганини, БМТ ТД билан ҳамкорликда муассасани институционал ислоҳ қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилаётганини айтиб ўтди” дейилади хабарда.

Вазирлик ходимларининг ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, Спратлен хоним вазирни болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳамда ишсизлик муаммоси ҳақидаги саволлари билан шошириб қўйган.