Бугун АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси биносида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2014 йилда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботини тақдим этди. Тақдимот маросимини АҚШнинг янги элчиси Памела Спратлен олиб борди ва анжуманда БМТ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки, Европа Иттифоқи ваколатхоналари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Чехия, Швейцария, Руминия, Россия, Япония, Латвия сингари мамлакатларнинг дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари иштирок этишди.
Жамият ҳисоботини тақдим этган ҳуқуқ ҳимоячилари Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташановга кўра, Ўзбекистонда 2014 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти аввалги йиллардагидан деярли фарқ қилмади. “Эзгулик” ҳисоботининг диний эркинликлар, қийноқ, мажбурий меҳнат, сўз эркинлиги, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари камстилишига доир бўлимларида ана шу вазиятни акс эттирган далиллар ўрин олган.
Хусусан, “Эзгулик”ка кўра, 2014 йилда ҳукуматнинг фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан таъқиби ўзгаришсиз қолди, мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар орасидан қурбонлар берилди. Қийноқ ҳолатлари аввалги йиллардагидек системик давом эттирилди, диний мотивлар билан қамалганларнинг саноғи йўқ. Сўз эркинлиги борасида ўтказилган қатр ялтироқ тадбирларда бирорта эркин сўз айтилгани йўқ, ўтказилган парламент сайловларида мухолифатчилик руҳи мавжуд эмас.
“Фуқаролик жамияти вакилларининг қамоқларда қолаётгани албатта ачинарли ҳолдир. Уларга нисбатан айрича муносабат, умумий авфларнинг қўлланилмаслиги Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада ижобий қадамлар қилмаслигини ифодаламоқда. Аммо энг ёмони халқаро ташкилотлар, демократик институтлар ҳам бу масалаларни эсдан чиқарди. Кун сайин камайиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг аҳволи, уларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаяпти” деди Васила Иноятова.
“Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Тшановга кўра, жамият фаоллари хориждаги ҳамкасблари билан бирга Вашингтон, Варшава ва Венада турли акциялар ўтказди, халқаро минбарларда чиқишлар қилди, ҳамжамият эътиборини Ўзбекистонга тортди, бироқ улардан самара йўқ. Шу боисдан ҳам жамият раиси Васила Иноятова мамлакатда сиёсий вазият ўзгариши, айнан вазият ўзгариши учун мухолиф партияларнинг сайловлардаги иштирок таъминланиши керак, деб ҳисоблайди.
Сиёсий ҳуқуқлари масаласини кўтарган ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Адлия вазирлигида 20 мингдан ортиқ тарафдорларининг имзолари бор бўлган “Бирлик” Партиясининг рўйхатдан ўтиш ҳақида берган аризаси бор. Аммо, вазирлик йиллардан бери ўз жавобини бермаяпти. Халқар жамоатчилик, демократик институтлар, хусусан, ЕХҲТнинг Демокатик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси бу масалада пассив қолмаслиги, демократларни қўллаб-қувватлаши керак.
Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари 21 асрда бутун жаҳон ҳуқуқ ҳимоячиларининг диққат марказида айнан сиёсий ҳуқуқлар масаласи туриши кераклигини урғулашди.
Тақдимот пайтида яна бир ҳуқуқ ҳимоячилари учун янги бўлган мавзу ҳам тилга олинди. Бу – диний сабаблар билан қамалаётган мусулмонлар сони ортиб бораётгани. Бундай мусулмонларнинг мутлақо кўпчлиги, мавжуд конституцияга қарши иш қилаётганини ҳам билмайли ёки тушунмайди. Уларни чин кўнгилда Ўзбекистонни Қуръони кўрсатмаси бўйича исломий давлат қилиш ҳақида ўйлашади ва ҳатто амалий ишлар қилиш ҳаракатида бўлишади. Ўзбекистон эса, Конституциясига кўра – дунёвий давлатдир. Бу қарама-қаршилик бартараф қилинмагунча, мусулмонларнинг исломий давлат яратиш ниятлари битмаслиги табиий, дунёда ислом терроризми кучайиб боравериши ҳам табиийдир. Бу муаммо, бир қарашдан, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолият доирасига кирмайди. Аммо, нимадир қилиш керак.
Тақдимот маросимида ҳуқуқ ҳимоячилари дипломатларнинг турли саволларига жавоб ҳам беришди. АҚШ элчиси Спратлен ва Европа Иттифоқи ваколатхонаси раҳбари Юрий Штерк жамият ҳисоботининг қимматини қадрлашлари ва ҳуқуқи ҳимоячиларининг олижаноб ишларида омад тилашларини билдириб, қисқача нутқ ҳам сўзлашди.
Анжумандан олинган суратлар техник сабабларга кўра ҳалигача етиб келгани йўқ, дейди мухбиримиз, улар “Ҳаракат” хатқутисига келиб тушиши билан саҳифаларимизда эълон қилинади. Аммо, АҚШ элчилихонасида шунча дипломат иштирокида “Эзгулик” ҳисоботи тинглангани баҳолаш қийин бўлган буюк воқеадир. Бу мажлис доирасида, ҳатто Ғарб дипломатлари учун ҳам янги бўлган икки муаммониннг, яъни сиёсий ҳуқуқлар масаласи ва Ислом ақидалари билан мавжуд конституция ўртасидаги қарама-қаршиликнинг тилга олиниши - тарихда қоладиган воқеалардир. Бунда вазиятда, “Офарин “Эзгулик”!” дейиш ғоят табиийдир.
“Ҳаракат” таҳририятидан: Бу йиғилишда олинган расмлар бизга 21 февраль куни етиб келди. Улардан биттасини шу ерда кўрмоқдасиз. Расмда тўрдаги қаторда ўртада - АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен, унинг ёнида “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова, ундан кейин жамиятниннг Бошқарув аъзоси Абдураҳмон Ташанов.
Расмни каттайтириш учун уни курсор билан босинг. АҚШ ва Ўзбекистон байроқларига эътибор беринг.