06 February 2015
19:55 - Оддий сенсация: Туркия Ташқи ишлар вазири Мюнхен Хавфсизлик Конференциясини намойишкорона тарк этди

Туркия давлатининг расмий Анадўли Агентлиги бугун Берлинда Туркиянинг Ғарбий Европа мамлакатларидаги элчилари билан учрашув ўтказган Ташқи ишлар вазири Мовлуд Човушўғлига асосланиб шу хабарни тарқатди. Мюнхенда Хавфсизлик Конференцияси бўлиши ва у ерда Яқин Шарқ масаласи ҳам муҳокама қилиниши аввалдан маълум бўлган. Яқин Шарқ масаласи муҳокама қилинадиган мажлисга Туркия Бош вазири Аҳмед Довудўғли ва Ташқи ишлар вазири Мовлуд Човушўғли ҳам таклиф қилинган. Аммо, Бош вазир бандлиги туфайли, мажлисда қатнашиш учун Мюнхенга Мовлуд Човушўғлининг ўзигина келган.

Хабарда унинг қуйидаги сўзлари бор: “Бу мажлис қатнашчилари рўйхатига Исроил вакили ҳам қўшилгани маълум бўлгач, у ерда қатнашмаслик қарори олдик. Аммо, бу қароримиз Германияга (бутун Европага ҳам, деб тушуниш мумкин – “Ҳаракат”) қарши ҳаракат эмас.”

Туркия вазирининг, аслида, Туркия раҳбариятининг бу қарорини тушуниш қийин. Тўғри, бу мамлакат Президенти Эрдўғон ҳам, Бош вазир Довудўғли ҳам, охирги пайтда Исроилга қарши жуда қаттиқ, ҳақорат деса ҳам бўладиган даражада кескин гаплар айтишмоқда. Шу сабабли вазир Човушўғлининг бу ишини сенсация ҳам деб бўлмайди

Аммо, Яқин Шарқдаги муаммолар ҳозир Исроил билан боғлиқ, у муаммоларнинг марказида Исроил турибди, дейиш мумкин. Бу муаммоларни Исроилсиз муҳокама қилишнинг ўзи мантиқсизлик бўларди. Шундай вазиятда, айнан, Туркия вазирининг қилган иши мантиқсизлик бўлиб қолмайдими? Бундан фақат Туркиянинг ўзи зарар кўрмайдими?