Туркман матбуотининг хабарига кўра, президент Қурбонқули Бердимухамедов Марказий Банк бошқаруви раиси Гочмурод Муродов ва «Туркмангаз» давлат концерни раҳбари Чоримуҳаммад Хомадовни лавозимидан четлатибди. Икки раҳбар мулозимнинг фаолияти тафтиш қилинмоқда. Унинг истеъфоси ортидан соҳани назорат қилувчи бош вазир ўринбосари Аннамуҳаммад Гочиевга “ўтган йили у томонидан назорат қилинадиган барча муассасаларнинг қониқарсиз иши” учун қаттиқ хайфсан эълон қилинган.
Ўзбекистон Марказий Банкининг раиси Файзулла Муллажоновнинг курсиси ҳам аллқачон қимирлаб қолган. Унинг бир ойча аввал Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан четлатилган ўғли Абдумажид Муллажонов ҳозирда тергов изоляторида сўроқ бермоқда. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, кичик Муллажонов 2 миллиард сўм атрофида талон-тарожликка йўл қўйган. Бу эса катта Муллажоновга ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Қолаверса, 20 йилдан бери Марказий Банкни бошқариб келаётган Файзулла Муллажоновнинг ҳам қонунбузарликлари кам эмас, аммо унинг қудаси Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов мамлакатдаги “сиёсий жараён”ларга бош бўлгани боис Муллажоновнинг истеъфоси яқинда бўладиган президент сайлови ўтгунча кечиктириляпти, шекилли.