
Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситаларидан бири бўлмиш 12news.uz сайтига кўра, Ғофур Ғулом номли босмохонада “Ўзбекистоннинг пахта саноати мустақиллик йилларида” номли китоб чиқарилибди. Китоб қайси тилда чиқарилгани ҳам айтилмаган масхарабозларча хабарнинг битта қизиқ жойи бор. Китобда Ислом Каримнинг қуйидаги сўзлари ҳам жой олган: “Ўзбекистон нафақат халқаро бозорда талаби катта бўлган пахта толасининг асосий етиштирувчиси, балки, уни сотувчиси ҳамдир. Республика пахта толаси ишлаб чиқариш бўйича тўртинчи ўринда, уни экспорт қилиш бўйича иккинчи ўринда туради.”
Қаранг, Ислом Карим пахта толасини экспорт қилиш бўйича дунёда иккинчи ўринда туришимиз билан мағрурланмоқда. Тўғрироғи, гўёки бу соҳада илғорлигимизни урғулаб, халқни алдмоқда. Чунки, пахта толаси ишлаб чиқариш бўйича тўртинчи ўринда бўлиб, уни экспорт қилиш бўйича иккинчи ўринда эканлигимиз қолоқлигимизни, пахта толасини ўзимизда аввал газмолга, газмолни эса тайёр кийим-бошга айлантириб, кейин сотсак, оладиган фойдамиз ўнлаб, балки, юзлаб марта кўп бўлишини тушунмаслигимизни кўрсатади.
Аслида, тушунмаслигимзни дейиш хато. Масалан,шундай қилиш кераклигини “Бирлик” мустақилликдан аввал гапиришга бошлаб, ҳозиргача гапирмоқда. Аммо, Ислом Карим раҳбарлигидаги ҳокимият буни кеч тушунмоқда, тўғрироғи, халққа нисбатан жиноят қилмоқда.
Ахир, мустақил бўлганимизга 25 йил бўлди. 25 йил ичида йўқ давлатни янгидан оёққа қўйиш мумкин, Ўзбекистон эса, аввалдан бор давлат эди. 25 йилда ҳамма пахтамизни, ёки сал кам ҳаммасини тайёр кийим даражасига етказадиган текстиль саноати яратолмаганимиз – ҳозирги режимнинг айбидир. Айнан шу ва шу каби айблар туфайли иқтисоднинг кучи ва аҳолининг ўртача ойлиги бўйича Қозоғистондан 8-10 баравар орқада қолдик.
Мавжуд режим жиноят даражасидаги бу айби учун жавоб бериши керак ва ахир бир кун беради.