26 March 2009
04:00 -
23:30 - Қорақалпоқча ҳукм ўз кучида қолдирилди
- Ўзбекистон икки қайиқнинг бошини тутмоқчи(ми?)
22:30 -Дилмурод Саййиднинг тергови бир кунга кечиктирилди
- Ўзбекистон икки қайиқнинг бошини тутмоқчи(ми?)
22:30 -Дилмурод Саййиднинг тергови бир кунга кечиктирилди
23:30 - Қорақалпоқча ҳукм ўз кучида қолдирилди
Кеча Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди журналист Солижон Абдураҳмоновга Амударё тумани суди томонидан ўқилган 10 йиллик қамоқ жазоси ҳақидаги ҳукмни ўз кучида қолдирди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Олий суди ишда бир қатор камчиликлар мавжудлиги, хусусан, журналистнинг автомашинасига ташланган наркотикларда бармоқ изларининг йўқлигини эътироф этиб, ишни Қорақалпоғистонга қайтарганди. Бироқ қорақалпоқларни аҳдида қайтариб бўлмади, энди журналистнинг адвокатлари яна юқори инстанцияларга ёзишмоқчи.
Ўзбекистон икки қайиқнинг бошини тутмоқчи(ми?)
НАТОга муқобил равишда поссовет режимлари томонидан тузилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмасини яратмоқчи. Яъни, қуроллар энди бир жойдан чиқади, бир омборда сақланади.
Кеча ташкилот қошидаги доимий кенгаш мажлиси шу масалани пишитди. Бу лойиҳа ташкилотга аъзо мамлакатларга кўриб чиқиш юборилган. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон томони АҚШ билан муайян даражада ҳарбий ҳамкорлик қилаётганига қарамай ҳар эҳтимолга қарши бу қайиқнинг ҳам бошини тутади. Агар халқ мақолида таъкидланганидек, икки қайиқнинг бошини тутган сувга қуласа, Ислом Каримнинг қисматини тасаввур қилиш қийин эмас, дейди мухбиримиз.
22:30 - Дилмурод Саййиднинг тергови бир кунга кечиктирилди
Самарқанд вилояти прокуратураси терговчиси Суҳроб Мажидов тмонидан олиб борилаётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячси Дилмурод Саййиднинг тергови бугун бўлмади. Терговчи Мажидовга кўра, унинг сўровига кўра Жомбой туманидаги “Фаровон-ҳаёт” ММТПга тегишли ҳужжатларни келтириш кечиккан. Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййид мазкур хўжалик раисига нисбатан товламачилик қилишда айбланмоқда. Тергов эртага давом этади.
Ўзбекистон барча соҳаларда олдинга чиқиб бормоқда
Барча салбий кўрсаткичларда бўлгани каби, сил хасталигининг кўпайиши борасида ҳам мамлакатимиз етакчи ўринларни банд қилмоқда, дейди мухбиримиз. Хусусан, бугун АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилигида ўтказилган пресс-гапдаги маълумотлар шунга ишора. Журналистлар олдида бу борадаги статистикани келтирган USAID мутахассисларига кўра, дунёдаги сил билан хасталанганларнинг 85 фоизи 27 мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Айниқса уларнинг бештасида бу хасталик билан боғлиқ рақамлар салмоқли, шу фахрий бешликнинг бири мамлакатимиз экан. Хасталикнинг урчиши, тезда тузалмаслиги қашшоқлик билан боғлиқдир, деди мутахассислар.
19:45 - Абдураҳим Пўлат: СССР битишга бошлаган кун – 1989 йил 26 март
Бундан 20 йил аввал айнан шу бугун СССР Халқ дупутатлари қурултойи учун умумхалқ сайловлар ўтказилганди. Қурултойга депутат қилиб сайланганлар ичида бугунги “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари, мамлакатимизда демократиянинг ғалабаси учун умрини бағишлган Пўлат Охун борлиги билан фахрланишимиз керак. Шу Қурултойнинг депутатлари, айниқса, академик Дмитрий Сахаров ва яна 4 киши раҳбарлигида тузилган Регионлараро Депутатлик Гуруҳи аъзолари (унинг ичида биргина ўзбек бор эди, у ҳам бўлса яна Пўлат Охун) Горбачев бошлаб берган қайта қуриш сиёсатини охирига етказдилар – СССР йўқ бўлди, бошқалар қатори Ўзбекистон ҳам мустақил давлатга айланди.
Мен бу Қурултойга депутат бўлиш учун қаттиқ ҳаракат қилдим. Агарда мен депутат бўлиб сайлансам эди, Пўлатжон билан биргаликда СССРнинг тақдирини ўзгартиришда қатнашишдан ташқари, Ўзбекистоннинг ҳам тақдирини ўзгартириб юборган бўлардик. Баъзилар мени мақтончоқликда айблашлари мумкин, аммо, муҳим бўлгани - бу баъзиларнинг калтафахмлиги эмас, Совет КГБси буни яхши тушунгани.
Мени номзодимни рўйхатга олмаслик учун нималар қилинганини билган одамгина бор ҳақиқатга тўғри баҳо бера олади.
Аввал Студентлар шаҳарчасида ўтказилган мажлисда менинг номзодимни икки палаталик парламентнинг бири бўлмиш Иттифоқ Советига кўрсатишди. Дарҳол менга рақиб қилиб ўша пайта ўта машҳур бўлган муфтий Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф кўрсатилди. Бутунлай нодемократик усуллар билан унинг бир ўзини сайлов бюллетенига киритишди ва депутат қилиб қўйишди. У кишининг депутат сифатида қилган биронта ишини эслайдиган одам борми? Ишнинг ўзи йўқ. Яъни, коммунистлар "пешонасида ёзилгани" бўлишига ишонган уламони демократларга қарши ишлатишди. Бу воқеа ҳам Исломда ислоҳотлар кераклигини кўрсатмайдими?
Мен ишлайдиган Куйбишев (ҳозирги Мирзо Улуғбек) тумани ҳам кирадиган сайлов округидан парламентнинг иккинчи палатаси бўлмиш Иттифоқ Советига биринчи турда ҳеч ким ўтмаган эди. Мени тўла қўллаб қувватлайдиган институтимиз жамоаси шу ўринга менинг номзодимни кўрсатиш учун мажлис ўтказди. Мажлистга кутилмаганда кириб келган институтимиз директори Восил Қобулов президумга чиқиб ўтириб олди ва унинг одамлари дарҳол унинг номзодини ҳам кўрсатишди. Аммо, балки ҳозир ҳам кўпчилик ишонмайдиган воқеа юз берди. Восил Қобуловнинг кўзи ўнгида кўпчилик менга овоз берди. Ўзбек жамиятида бунақа воқанинг ўхшашини топиш мумкин эмас, яқин орада топиб ҳам бўлмайди.
Яна КГБ ишга тушди. Менга қарши рақиб қилиб машҳур шоир Абдулла Ориповни чиқаришди ва бутунлай антидемократик усуллар билан мени яна номзод қилиб рўйхатга ўтказишмади. Хўш, Абдулла Орипловнинг депутат бўлишидан нима фойда бўлди? Ҳеч нарса бўлмади.
Яна қайтариб айтаман, мен депутат бўлсам эди, Ўзбекистоннинг келажагини ўзгартириб юборардим.
Бир йилдан кейин Ўзбекистон Олий Советига ҳам сайловлар бўлди. Мени номзодимни ҳеч қаерда рўйхатдан ўтказтирмаслик учун Ислом Карим нималар қилмади. Мен депутат бўлиб қолсам, бутун Олий Советни ўзгартириб юборишимга унинг ақли етарди. Аммо, минг афсуски, фақат унинг эмас, КГБнинг ҳам бунга ақли етарди.
Ҳозир ҳам аҳвол шу. Менинг жамиятга таъсиримни камайтириш - ҳали ҳам ҳукуматнинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда. Битта фарқи бор. Ислом Карим ва КГБнинг меросхўри МХХнинг қаторига бир қатор чала мухолифатчилар ва чаламуллар қўшилишган.
Аммо, уларнинг саъй-ҳаракатлари фақат вақтинча натижа беради. Биз бирликчилар барибир бир ердан ёриб чиқамиз ва ўзбекларни ҳозирги жоҳиллик ва қуллик чангалидан қутқарамиз.
Расмларда - 1. Машҳур академик Дмитрий Сахаров Халқ депутатлари Қурултойида КПССни тақиқлашни таклиф қилиб, оташин нутқ сўзламоқда. Жиҳодга чақириқлару қуролли қўзғолонлар эмас, шундай оташин нутқлар СССРдек девни қулатган. 2. Пўлат Охун Халқ депутатлари Қурултойида СССР Конституциясининг 6-моддасига ўзгартиришлар киритиш бўйича ўз таклифларини овозга қўйиш олдидан гапирмоқда. Президиумдагилар - СССР Президенти Михаил Горбачев ва СССР Олий Советининг раиси Анатолий Лукьянов
18:30 - Россияда ўзбекларга қарши ёки ўзбеклар тарфидан қилинган жиноятлар ортиб бормоқда
Иқтисоди барбод бўлган Ўзбекистонда оила боқиш иложини тополмаган милионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари Россияда ишлашаётгани ҳаммага маълум факт. Уларнинг кўпчилиги нолегал ҳолатда, оғир шароитларда ишлашмоқда, уларнинг асосий қисми ижтимоий муҳофазаланмаган. Ўзбекистон ҳукумати Бирлик” Партиясининг чақириқларига қарамасдан бу масала билан махсус шуғулланиш нияти йўқлигини, ўз халқига нисбатан маъсулиятсизлигини кўрсатмоқда.
Миллионлаб ўзбеклар Россяида яшар экан, баъзилари касал бўлмоқда, баъзилари ўз ажали билан ўлмоқда, баъзилари ўлдирилмоқда, баъзилари жиноят содир қилиб, бошқаларни ўлдирмоқда. Мана русларнинг расмий Интерфакс агентлиги тарафидан сўнги кунларда тарқатилан баъзи хабарлар.
16 март куни Петербургда Россия фуқароси, Ленинград вилоятида яшовчи В.Струниннинг иши судга жўнатилган. Бу одам 2008 йил 24 июлда ўзаро жанжалдан кейин ўзи билан ишлайдиган икки ўзбек ишчиси устига бульдозер билан юрган, бир ўзбек ўлган, иккинчиси оғир ярадор бўлган.
17 март куни Москвада бир неча аёлни зўрлагани учун 22 ёшли Умар исмли ўзбек милиция томонидан ушлаганини аввал хабар қилгандик.
23 март куни Санкт-Петербург шаҳри Красносельский туман суди Ўзбекистон фуқароси Матрасул Искандаровни 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Матрасул Искандаров ўзи билан ишлаётган юртдошини пичоқлаб ўлдиган ва ўзлар қураётган ўйнинг фундаменти остига кўмиб юборган.
25 март куни Нижний Новгород шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Терговга ҳалақит бермаслик учун исми айтилмаётган бу 50 ёшли ўзбек ишлаш учун Россияга яёв юриб келган, ноқонуний чегерадан ўтгани учун ўз вақтида Россия қамоқхонасида ўтириб чиққан. У яқинда ўзаро жанжал пайтида бир одамни ўлдирган, кейин қотилликнинг гувоҳини ҳам ўлдирган.
Россияда ишлаятган ўзбеклар тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдамга муҳтожлар. Ўзбек диаспорасининг ўзи уюшиб, бу масалаларни ҳал қиладиган савияга етиб келмаган ва яқин орада келмайдиганга ўхшайди. Демак, “Бирлик” Партиясининг Чет элдаги ватандошлар билан шуғулланувчи махсус вазирлик тузиш бўйича президент Ислом Каримга йўллаган таклифи актуаллигани нафақат йўқотмади, аксинча, унинг актуаллига ортиб бормоқда.
16:45 - Эзгу фаолиятимизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз! («Эзгулик” жамиятининг Баёноти, 26 март 2009 йил)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик” жамияти матбуот хизмати муқаддам тарқатган хабарномасида жамият фаолиятига нисбатан ўзига хос таҳдидлар бошлангани, жамият раҳбарияти Чилонзор ва Собир Раҳимов тумани ИИБга чақирилгани таъкидлаганди. Шунингдек, жамиятга нисбатан таҳдидларни кейинги пайтларда тарқатилган бир қанча ўткир танқидий материллар, миршабнинг ноқонуний ишларини фош этувчи фактлар билан боғлаганди. Воқеалар силсиласи қуйидагича ривожланди.
Жамият раиси Васила Иноятова кеча, 25 март куни Чилонзор тумани прокуратураси ходимларининг мажбурий қистови билан жамият офиси жойлашган участка профилактика пунктида гўё жамият релизи орқали ўзини ҳақоратланган, манфаатлари топталган фуқаро сифатида ҳис қилаётган Исроил фуқароси Я.Илларионов ҳамда унинг ишончли вакили бўлмиш онаси Л. Илларионова билан учраштирилди. Ўзининг юридик малакага эканини таъкидлаган Илларионова «Эзгулик” жамиятининг таркатган материали фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тажрибаси талабга жавоб бермаслиги, ММХ нинг мутасадди ходимлари билан айнан шу масалада сухбат килгани, бундан кейин хам «керакли жойларга» мурожаат килажагини таъкидлади.
Миршаблар, прокуратура ходимлари ва фуқаро иштирокидаги мажлис об-ҳавосидан маълум бўлишича, жамиятнинг кейинги бир йилдаги релиз ва баёнотлари, улардан норози ўнлаб фуқароларнинг “ариза”лари йиғилган. Илларионовларнинг мурожаатлари бўйича раддия бериб, улардан кечирим сўралмаса, суд орқали чоралар кўрилармиш. Табиийки, жамият раҳбарияти бу каби тутуриқсиз тахдидлардан чўчимайди ва уларга ҳам жавоб бермоқчи эмас. Қолаверса, ҳар бир эълон қилинган материални асословчи далиллар етарли.
«Эзгулик» жамияти ўтган вақт мобайнида мамлакатдаги мавжуд муаммоларни ёритиш ва уларнинг ечими йўлида давлат идораларининг эътиборини қаратди. Бу холат жиноятчи ва коррупцион тарафларнинг ғазабига сабаб бўлиши табиий ва улар «Эзгулик»нинг эзгу ишларига болта уришга харакат қиладилар. «Эзгулик» жамияти барча прогрессив кучларни фаолиятимизни қўллашга, маънавий кўмакдош бўлишга чақиради.