
Остонада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирларининг анжумани бўлмоқда. ШҲТнинг ҳамма давлатлари бу ерга бош вазирларини юборишган, фақат Ўзбекистондан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азим келди.
Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбой меҳмонларни, жумладан, Рустам Азим, Хитой бош вазири Ли Кэцян, Қирғизистон бош вазири Жўмарт Ўторбаев, Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода, ШҲТ бош котиби Дмитрий Мезенцев ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Синьфэн Чжанларни шахсан қабул қилди. Табиий, Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов ҳам шу ерда эди.
Нурсултон Назарбойнинг айтишича, ШҲТнинг Уфада бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида ташкилотнинг 2025 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш режалаштирилмоқда, шу сабабли ҳар бир ҳукумат олдида катта ҳажмдаги ишлар турибди.
“ШҲТ ўзига хос Умумосиё фаровонлик жамғармаси вазифасини бажармоқда, шу сабабли ҳам ҳар бир иштирокчи мамлакат унда тегишли кўринишда қатнашиши керак. Ташкилот, энг аввало, барқарорлик, ўртамизда ўзаро ҳудудий баҳслар бўлмаслиги йўлида, шунингдек, замонавий дунёнинг таҳдидларига қарши биргаликда курашиш мақсадида иш олиб бормоқда… Биз, шунингдек, озиқ-овқат, экология ва энергетика хавфсизлиги масалаларини ҳам ҳал қилишимиз керак”, – деди Қозоғистон президенти.
Қозоғистон президенти ШҲТ Тараққиёт банки ташкил этилишини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ШҲТ доирасидаги муносабатларнинг энг асосий йўналишларидан бири эканини урғулади.