Россиянинг Оренбург округидаги қурилишлардан бирида осма кажава 11 қаватдан узилиб кетди ва натижада Ўзбекистондан келган нафар меҳнат муҳожири нобуд бўлди. Яна бир юртдошимиз оғир аҳволда маҳаллий шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди.
- Терговни Оренбург шаҳар Тергов бўлими олиб бораяпти. Олинган маълумотга кўра, улар Ўзбекистон фуқаролари, 4 киши эканини тасдиқлаймиз. Билишимча, 3 киши ҳодиса жойида, яна бири шифохонада жони узилди. Биттаси тирик, реанимацияда. Ҳодиса юзасидан текширув кетмоқда. Қонунда белгиланган 10 кун ичида нима бўлгани ҳақида тафтиш ҳисоботини эълон қиламиз, деган Оренбург вилоят Тергов бошқармаси расмий вакили матбуотга берган билдиришида.
Муҳожирлар жасадининг Ўзбекистонга қайтаралиши билан боғлиқ харажатларни қурилиш ширкати соҳиблари кўтараётган экан. Вафот этган муҳожирлар - Ҳасан-Ҳусан Умаровлар, Рўзимуҳаммад Нўъмонов ва АҳрорТешабоевдир.
Тўрт нафар юртдошимиз бу шаклда ҳалок бўлиши ҳар қандай одамнинг юрагини эзади, дейди мухбиримиз. Аммо, бундай фожеалардан сабоқ олишни ўрганмасак, бутун халқимизнинг аҳволи шундай фожеали бўлади. Ўйлаб кўринг, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 1995 йилда эълон қилган мақоласида миллионлаб ўзбеклар Россияга бориб мардикорчилик қилишга мажбур бўлишларини башорат қилган эди. Фараз қилайлик, у пайтда Интернет йўқ бўлгани сабабли бу огоҳлантиришлар ўзбекларга етиб бормади. Бугун Интернет бор, “Ҳаракат”нинг хабар ва таҳлилларини Россиянинг ҳам ҳар бурчагида ўқиш мумкин.
Шуни ҳисобга олиб, Россияда мардикорчилик қилаётган миллионлаб ўзбекларга мурожаат қиламиз. Агар ўз келажагингиз учун курашиш кераклигини тушунмасангиз, ҳаммангизнинг аҳволингиз шу 4 юртдошимизники каби бўлади. Ташкилотлашинг, сиёсий ташкилотлашинг, сизни шу аҳволга солган Ислом Карим режимига қарши курашинг. Акс ҳолда, Ал Хоразмий, Ал Форобий, Мирзо Улуғбек авлодлари бўлган ўзбек халқи ёппасига мардикорлар подасига айланади.