05 December 2014
23:19 - Кечагина ўткан кунларимиз: Тожикистон чекистлари ўзбек мухолифати ичида муваффақият қозонишмоқчи (“Ҳаракат” Агентлигининг harakat.net сайтида 2007 йил 28 июлда эълон қилинган хабар)

СССР тарқалишидан кейин Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши фақатгина икки томон, яъни ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги қонли жанжал бўлмагани ҳаммага маълум. Бу урушда диний-ғоявий, минтақавий ва миллий унсурлар ҳам катта роль ўйнаган. Айнан шу унсурларнинг бири туфайли, бу урушнинг фаол қатнашчиларидан бири бўлган ўзбек аслли Маҳмуд Худойбердиевнинг шахси, унинг урушдан кейинги ҳаёти ҳақида турли ривоятлар кўп.

Тожикистондаги уруш ўзаро келишув шартномаси билан тугаган бўлса ҳам, аслида бу сулҳ - ҳокимиятни қўлидан чиқармаган ва демократиядан узоқ бўлган совет типидаги режимнинг ғалабаси бўлган. Ўз ғолиблигининг меваларидан тўла фойдаланиш истагидаги Имомали Раҳмон режими урушдан кейин бир маҳаллар қарши тарафда бўлганларни аёвсиз таъқиб остига олди, уларнинг бир қисмини қамади, бир қисмини йўқ қилди, четга қочиб улгурганларни эса таъқиб қилишни давом эттирмоқда.

Шундай таъқиб остидаги қочқинлардан бир Маҳмуд Худайбердиев эканлиги ҳам ҳаммага маълум. Бу - диктатура учун табиий бир нарса. Аммо бу таъқибларга баъзи ўзбек мухолифатчиларининг қўшилишини мутлақо тушуниб бўлмасди. Секин аста бунинг сабаблари ҳам аниқ бўла бошлади. Бугун тўла аниқ бўлди дейиш мумкин.

Андижондаги қонли воқеалар Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг қуролли кучлари томонидан амалга оширилганини бутун дунё гаприб турган бир пайтда, “Эрк” партиянинг 53-54-чилар фракцияси раҳбари Салой Мадамин қўшни бир мамлакат махсус хизматларидан олган маълумотларига асосланиб, Андижондаги қирғинда Маҳмуд Худойбердиенинг жангарилари иштирок этганини гапирабошлаганди. (Айтиш керакки, бу иғволарни кейинчалик ўзбек ёзувчилари ичидан чиққан бошқа бир ҳаромий - Ёдгор Обид ҳам такрорлашга бошлади - "Ҳаракат", 5 декабрь 2014 йил)

Ўзбек демократлари - хоинликни касб қилиб олган Салой Мадамин энди Тожикистон хавфсизлик хизматларининг топшириғини бажараётганига шубҳа қилмадилар, бу хусусда сайтимизда хам хабарлар бўлган. Бироқ, шу кунгача бир саволга жавоб йўқ эди: Салой Мадамин тожик хавфсизлик хизмати билан қандай алоқа қурди ва у айтаётган маълумотлар қандай қилиб қўлига келиб тушди?

Бу саволнинг жавоби ўзбек демократлари учун жуда кутилмаган шаклда ўртага чиқди дея олмаймиз. Аксинча, жавоб аввалги тахминларни тасдиқлади холос.

Аввалги тахминлар шундан иборатки, яқинда юрт ташқарисидаги мухолифатчилар, кўпроқ 53-54-чилар ичида фаол бўлиб қолган тожик аслли журналист Юсуф Расул ўзбек мухолифати ичида жанжал чиқариш, айни замонда мухолифатнинг асосий қисми тарафидан хоин деб эълон қилинган Салой Мадаминни мадҳ этиш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлари туфайли махсус хизматларга алоқаси борлиги гумон қилинаётганди. Масалан, шу йил 6 майга оид хабарларда ва “Ҳаракат” журналининг охирги сонларидан бирида эълон қилинган “Демократик мухолифатнинг лидери ким?” номли мақолада шундай ифода ишлатилган: “Тожикистон махсус хизматлари билан алоқаси ҳам борлиги гумон қилинаётган Юсуф Расул исмли журналист “

Булар тахминлар эди. Шу кунларда Тожикистондаги манбаларимиз буни тасдиқлашди – бу журналист тўғридан тўғри Тожикистон махсус хизматларига ишлайди, Андижондаги хунрезликда Маҳмуд Худайбердиев қатнашгани ҳақидаги “маълумотлар” Салой Мадаминга шу агент орқали етказилган.

Тожкистон махсус хизматларининг бу операциясини уларнинг ўз манфаатлари нуқтаи назаридан тушуниш осон. Уларнинг нияти, бир томондан, ўзларига душман деб билган одамни ўзбек демократларига ёмон отлиқ қилиб кўрсатиш бўлса, иккинчи томондан, Маҳмуд Худойбердиевни ўз миллатининг қонини тўкишдан ҳам чекинмайдиган маҳлуқ қилиб кўрсатиш.

Хўш, Тожикистон махсус хизматлари ва унга ишлаётган Юсуф Расулни тушуниш мумкиндир, улар ўз манфаатлари учун куршмоқдалар. Аммо 53-54 лақабли Салой Мадаминни қандай тушуниш мумкин?

Бир вақтлар “Бирлик”нинг асосчиларидан бири Дадахон Ҳасан шундай деган эди: “Бир фоҳишалик қилган аёл бутун умрини шу касб билан ўтказгани каби, Салой Мадаминов энди бутун умрини сотқинликда ўтказади”. Шоиримиз яна ҳақ бўлиб чиқди, Салой Мадамин навбатдаги миллатфурушлигини қилмоқда холос.

Расмда – ҳаромий Салой Мадамин оиласи билан.