09 October 2014
20:36 - Тошкентда яна бир йирик ёнғин: бир ўт ўчирувчи ҳалок бўлди
8 октябрга ўтар кечаси пойтахтнинг Ҳамза туманидаги темирйўл божхона омборига ўт кетди. Алангани ўчириш вақтида Тошкент шаҳар ИИББ ёнғин хавфсизлиги ходими, 27 яшар Баҳром Эргашев ҳалок бўлди. Оловни ўчириш вақтида Эргашевнинг устига бостирма тушиб кетган ва у вайроналар остида қолиб ўлган.

«Ўт ўчирувчилар гуруҳи томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, юк омборхонасида тез ёнувчи моддалар бўлган», – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бу хусусдаги расмий хабарида. Ёнғиннинг кўлами ва уни келтириб чиқарган омиллар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланибди.

Умуман, дейди мухбиримиз, сўнгги ойларда омбор ва бозорларнинг ёниши анъана тусини олди. Аввалроқ "Чинни бозори", “Қатортол” улгуржи бозори, “Аския“ ва “Паркент” бозорларида йирик ёнғинлар чиқди ва уларга атай ўт қўйилди деган гаплар бор. Бу гапларда жон борлиги шубҳасиз.