03 October 2014
02:17 - Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Ўзбекистон ҳукуматининг тилини яна-да узун қилди
Мамлакатдаги диндорларга нисбатан репрессив сиёсатини уларнинг терроризм ва фундаментилизмга мойиллиги билан изоҳлайдиган Ўзбекистон ҳукуматининг тили яна-да узун бўладиган бўлди. Бундан бир неча кун аввал Ўзбекистон Исломий Ҳаракати деб аталмиш гуруҳ халқаро коалиция кучлари нишонига айланган Ироқ Шом Исломий Давлатини қўллаб-қувватлаши ва у билан бир сафда эканлиги хусусида баёнот тарқатди.

Ўзини Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Усмон Ғозий деб танитаётган шахс томонидан эълон қилинган баëнотда Ироқ ва Шомда Исломий Халифалик тузилгани ҳаракат аъзоларини “хурсанд ва хушнуд” қилгани таъкидланади. Усмон Ғозий бутун дунё мусулмонларини ИШИДни қўллаб-қувватлашга чақиради.

Ўзбекистондаги режим аравасини мойлаётган мазкур террорчилар гуруҳи мамлакатга хавф туғидира оладими-йўқми, буни айтиш мушкул. Аммо уларнинг калтабинлигидан тили яна-да узун бўлаётган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга жиддий зарба бераётгани аниқ, дейди мухбиримиз.