22 September 2014
22:32 - ИШИД гаровга олинган туркларни озод қилди, ўз мусулмонларига сигарет чакишга рухсат берди, буёғи нима бўлади?

Бундан 3 ойча аввал Ироқ Шом Ислом Давлати номли террористик гуруҳ Ироқнинг шимолидаги Мусул шаҳрини босиб олиб ва бу шаҳардаги Туркия консуллигининг 49 ходимини гаровга олиб, дунёга номини ва ўзини танитган эди.

Ўшандан бери Туркия расмийлари ўз ватандошларини озод қилиш учун керакли ҳамма нарсани қилаётганларини гапиришса ҳам, амалда нима бўлаётганини ҳеч ким билмасди. Бундан 2 кун аввал сенсация деса бўладиган янгилик бўлди. Гаровга олинган турклар Туркия чегарасига олиб келиниб, озод қилинди, улар дарҳол Туркияга ўтдилар. Бош вазир Аҳмад Довудўғли ўз хизматидаги учоқ билан учиб келиб, Туркларни Анқарага олиб кетди. Дарвоқе, 49 кишининг 3 нафари Ироқ фуқароси экан, улар Ироққа қайтиб кетдилар. Озод қилинган турклар билан кеча президент Ражаб Эрдўғон ҳам кўришди.

Табиий, ҳамманинг калласида битта савол бор эди: Гаровдагилар қандай озод қилинди? БМТнинг Бош Ассамблеяси очилишида иштирок этиш учун Нью-Йоркга кетаётган Ражаб Эрдўғон журналистларнинг бу ҳақдаги тўхтовсиз саволларига тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди, аммо, пул билан савдо қилмадик, сиёсий савдо қилдик, ҳамма нарсани МИТ (Миллий Истиҳборот Ташкилоти) қилди дейишга мажбур бўлди. Табиий, Туркия ИШИД фойдасига қандайдир ваъдалар берганини тахмин қилиш керак.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри гаровдагиларнинг озод қилиниши билан туркиялик ҳамкасбини табриклар экан, энди Туркия АҚШ бошчилигида ИШИДга қарши уюштирилаётган коалицияда актив иштирок этишига ишонч билдирди.

Аслида, айнан энди Туркиянинг боши қотади: Коалицияда иштирок этиш керакмми, ваъдаларни бажариш? Энг яхши йўл – бироз вақт ўтказиш, кейин коалицияга қўшилиш бўлса керак.

ИШИД ҳам саросиимага тушиб бўлди. Чунки, АҚШ бошчилигидаги коалицияга қарши у ҳеч нарса қилолмайди. Қолаверса, унинг назорати остига ўтган ҳудудларда ҳам ҳамма мусулмонлар ИШИД каби фанатиклардан иборат эмас. Шу сабабли ИШИД ички сиёсатида юмшашга бошлаб, кеча сигарет чакиш таъқиқини бекор қилибди. Ишлар шундай кетаверса, яқинда жуда кўп шариат қонунлари бекор қилинса ҳайрон бўлмаслик керак. Аммо, охир-оқибат ИШИД ҳам Толибон ва АЛ-Қоида каби йўқ бўлиши шубҳасиздир.

Чунки, 21 асрда исломий давлат, бунинг устига Халифалик яратишни ўйлаш – соддвликгина эмас, саводсизликдир.