12 January 2009
04:00 -
22:00 - Икки ҳуқуқ ҳимоячисининг шартли жазо муддати битди
- Юлдуз Усмонова ҳибсга олинмаган
18:00 - Қўйнидан тўкилса, қўнжига...
17:00 - Саудия Арабистонида
- Юлдуз Усмонова ҳибсга олинмаган
18:00 - Қўйнидан тўкилса, қўнжига...
17:00 - Саудия Арабистонида
22:00 - Икки ҳуқуқ ҳимоячисининг шартли жазо муддати битди
“Эзгулик” жамияти Андижон вилоят бўлими раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддин тарқатган хабарномага қараганда, “Бирлик” фаоллари Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азизларга нисбатан белигаланган шартли қамоқ жазосининг бугун муддати битди. Бу икки киши Андижон қатлиомидан сўнгги репрессия даврида ҳибс этилганди. Янаям тўғрироғи, “Бирлик” Партиясининг “Андижонда халқни отганлар ҳам, оттирганлар ҳам жавоб беради” номли баёнотини тарқатиш, Президент шахсини беҳурмат қилишда айбланиб, партия раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, партиянинг Андижон вилояти бўлими раиси Акбарали Ориф, ҳуқуқ ҳимоячиси ва “Бирлик”чи Дилмурод Муҳиддин билан бирга жавобгарликка тортилганди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2006 йилнинг 12 январида Дилмурод Муҳиддиновни 5 йил озодликдан маҳрум этган, Акбарали Ориф, Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азизовга 3 йил шартли жазо муддати тайинлаган, Ҳамдам Сулаймонни эса жазодан бутунлай озод қилганди. Лекин, суд бўлгунча уларнинг ҳаммаси қамоқда ўтиришган (Ҳамдам Сулаймон суддан 2 ой олдин бўшатилган).
Хабарларимиздан маълумки, Дилмурод Муҳиддин ўтган йили 17 октябрида амнистия билан озодликка чиқди.
Саиджаҳон Зайнобиддиннинг хабарномасида шартли жазо вақтида ҳам тазйиқларга учраган Акбарали Ориф юртдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтаркан, унинг жазоси бекор қилинмаганини тахмин қилади. Аммо, шу кунгача қаттиқ назорат остида юрган Мусажон Бобожон ҳамда Нурмуҳаммад Азиз (улар ҳар 15 кунда миршабхонага келиб кўринишлари, кечқурун 20 дан эрталаб 6 га қадар уйларидан чиқмасликлари керак эди, сиёсий фаолият билан шуғулланишга ҳақлари йўқ эди) бугундан бошлаб мутлақо озодлар.
Юлдуз Усмонова ҳибсга олинмаган
Кеча сайтимизда айрим ахборот воситаларининг Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ҳибсга олингани хусусида хабарлар тарқатгани, мухбирларимизнинг бу шов-шувли хабарни аниқлаштирига урингани ҳақида маълум қилгандик. Бу хунук хабар хайриятки, тасдиқланмади. Мана Юлдуз Усмонованинг шахсий сайтида чоп этилган мурожаат матни:

“МУХЛИСЛАРИМГА МУРОЖААТ
Азиз дўстлар,
Куни кеча бир қатор интернет сайтлари орқали менинг гўёки «ҳибсга олинишим» ҳақида кенг тарқалган хабарлар мени жуда ҳайратга солди. Ўша хабарларга кўра, 10-январ куни битта тўйда қўшиқ ижро этаётганимда қанақадир «номаълум шахслар томонидан олиб чиқилган»мишман.
Санъаткор бўлиб туриб мен ҳар хил миш-миш ва турли тухматлар пайдо бўлишига ва тарқалишига яхшигина ўрганганман. Лекин шундай «хабарлар»ни қабул қилиш ҳеч қайси ақлга сиғмайди.
Азизларим, 2 кундан бери юзлаб телефон қўнғироқлари ва хат юборган ва бошқа мухлисларимга этмоқчиманки — шу миш-мишлар мутлақо асоссиз.
Хозирги кунда мен янги қўшиқлар ва албом устида ишлаб келмоқдаман. Улардан яқин кунларда баҳраманд бўлишга муяссар бўласизлар.
Чуқур эҳтиром билан,
Сизнинг Юлдузингиз”
Сайт маъмуриятидан: Ўзини миллатнинг юлдузи қилиб кўрсатишга уринаётган Юлдуз Усманованинг ким эканлигини англаш учун сайтимизда 2005 йил 19 июнда эълон қилинган қуйидаги хабарни эслатишдан фойда бор.
Юлдуз Усмонова аза куни тўй килди
Маълум бўлишича, Юлдуз Усмонова шу йил май ойининг ўрталарида пул ишлаш учун Америкага келиб, Нью-Йорк ресторанларида концерт берган. Унинг биринчи концерти 13 майга режалаштирилган экан, у ўша куни кечаси билан эркаклaрга хос хазиллари, айни замонда, дилбар кўшиклари билан одамларни маст килибди. Бу отарчи артист учун оддий хол. Аммо, вокеаниннг дахшатли тарафи шундаки, вакт фарки туфайли Андижонда хукуматнинг килган хунрезлиги бутун дунёда, жумладан АКШда хам хаммага маълум бўлган эди. Буни Юлдуз Усмонова билмаслиги мумкин эмас эди. Лекин, кўшикларида ўзбек халкига бўлган мехр-мухаббатини доимо эслатиб туришни анъана холига келтирган Юлдуз Усмонова ўша куни халкни эмас, факат оладиган пулини ўйларди. Миллат ўкка тутилиб, ўз конига ботирилганини кўрмасликка харакат киларди.
Отарчининг концертлари яна 3-4 кун давом этди. У бирон жойда Андижондаги конхўрликни эсламади.
18:00 - Қўйнидан тўкилса, қўнжига...

Президент Ислом Карим бугун “GM Uzbekistan" автомобиль заводи дилерларини 2014 йилга қадар қўшимча қиймат солиғи тўлаш юкидан халос қилувчи қарорни имзолади. Қўшма корхонанинг расмий дилерлари энди 5 йил давомида автомобилларни таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш ишларини бажаришда шундай имтиёздан фойдаланладилар. Буни қарангки, бу имтиёз эҳтиёт қисмлар, агрегатлар ва матриаллар қиймати, шунингдек, уларни расмий дилерлар орқали сотадиганларга ҳам берилибди.
Монополистик заводнинг асосий расмий дилери “Ўзавтопром” экани, унинг хўжайини Гулнора Карим эканини инобатга олсак, режимбошининг автомабилсозлик равнақи учун куйинаётганини тушуниш мумкин. Лекин мазкур қарорнинг расмий нашрлар, оммавий ахборот воситаларида чоп этилмагани тушунарсиз, дейди мухбиримиз.
17:00 - Саудия Арабистонида янги элчимиз фаолият бошлади
Ўтган йили Ўзбекистон Парламенти Сенатининг ялпи мажлисида мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси этиб тайинланган Алишер Қодиров бугун мамлакат қиролига ишонч ёрлиғини топширган. Қабул пайтида Ўзбекистон билан дипломатик мулоқотлар равнақига ишонч билдирган Саудия қироли Абдулла ибн Абдул Азиз ас-Сауд элчимизни очиқ чеҳра билан қарши олган. Бу ҳақда араб матбуоти ёзмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси қадрдон Кремлга йўл олди
Шу йилнинг 21-22 январь кунлари Россия Президенти Дмитрий Медведовнинг Тошкентга расмий сафари олдидан Ўзбекистон ҳукумати бошлиғи ўринбосари Рустам Азимов бошилигидаги делегация Московга жўнаб кетди. Делегация таркибида бир қанча вазирлар, гигант корхоналар раҳбарлари бор. Эртага, 13 январда бўладиган Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро мажлисининг кун тартиби, ундан кўзланаётган мақсад ҳақида ўзбек матбуотчилари бирор нарса гапиргани йўқ.
9:00 - Тепишади тўпни наманганчасига ёхуд футбол можаролари
Наманганда вилоят ҳокими кубоги учун мини футбол бўйича мусобақа бўлмоқда. Ҳозир финалга 2 жамоа чикди. Мухбиримиз билан гаплашган футболчилардан маълум бўлишича, мусобақада қатнашган 10 команданинг ҳар биридан икки юз минг сўмдан пул тўпланган. Бу пул мусобақа ғолибига тегади.

Қизиқ, дейди мухбиримиз, мусобақанинг номи “Вилоят ҳокими кубоги” бўлса, мукофот пулини ҳоким бермай жамоаларнинг ўзи берадими? Эҳтимол спортнинг турли соҳалари бўйича бўлаётган ҳамма мусобақаларда ҳам шундай қилинаётгандир.
Спорт мусобақаларини қўйиб туринг, янги йил арчаларини вилоятларда ўрнатиб, боғча болалари ва мактаб ўқувчиларини арча ёнига йиғиб, «президент совғалари» тарқатиш анъанасига нима дейсиз? Ахир, бу совғалар учун пул президентдан келмаслиги, пул ҳар бир вилоятнинг ўзидаги ишбилармонлардан мажбуран-ихтиёрий равишда тўплаб олинишини ҳамма биладику!
Бу комунистчасига сохтакорлик қачонгача давом этаркин деб савол қўйган мухиримиз, жавобни ҳам ўзи беради: коммунистлар ҳокимиятдан кетгунча!