
10 августда бўладиган президентлик сайловларида ғалаба қилиши шубҳасиз кўринаётган Туркия Бош вазири, айни замонда, исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партиясининг лидери Ражаб Эрдўғон кеча Истанбулнинг Молтепа майдонида сал кам 2 миллион киши тўпланган митингда 1 соатлик нутқ сўзлади, дейилади бу мамлакатнинг энг катта “Миллиёт” газетасидаги хабарда.
Умумий соҳаси 1 млн 200 минг квадрат метр, яъни 120 гектар бўлган Молтепа майдонига 171 та стадион сиғдириш мумкин экан. Табиий, телевидение бор асрда шунча одамни бир жойга тўплашнинг маъноси йўқдек кўринади. Аммо, аслида, катта маъно ва мақсад бор. Мақсад - Эрдўғонни президент бўлиб сайлангандан кейин Туркияни ўзи истаган йўналишда ўзгартирадиган кучга эга лидер сифатида кўрсатишдир. Йўналиш ҳам аниқ – Туркияни исломий давлатга айлантириш. 21 асрда бундай мақсад билан йўлга чиқиш узоқни кўра билмасликдан бошқа нарса эмас, бироқ, амалда шундай бўлмоқдами, Туркияни жуда оғир, балки, қонли кунлар кутаётганга ўхшайди.
Эрдўғон бу митингдаги нутқида, ўзи Истанбуллик эканига имо-ишорат қилиб бўлса керак, президент бўлиб сайланса ҳам бу шаҳардан айрилиш ниятида эмаслигини, ўлса шу шаҳарда кўмилишни васият қилаётганини айтибди.
Унинг нутқини бошқа қисмларида янги бир нарса йўқ эди. У одатдагидек, Филистинда мусулмонлар қирғин қилинаётгани, аммо ислом дунёси жим турганини қоралади, мухолифатдаги дунёвий партиялар фатхулла-гуленчилар билан бир йўналишда ўзига қарши курашаётганига имо-ишоралар қилди, аммо халқ ўзини қўллаб қувватлаётганини этар экан, Туркияни жаннатсимон ўлкага айлантириш ваъдаларини берди.