17 July 2014
21:41 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш қачон тўхтайди? (Исроил Ризонинг саволига “Ҳаракат”нинг жавоби)

Ўзбекистонда сайлов кампаниялари яқинлашар экан, мустабид тузум жуда оз сонли қолган Демократларга (ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари, журналистлар, эркин фикр юритувчи зиёлилар…) қарши қатағон сиёсатининг ҳал қилувчи тозалаш “амалиёти”ни бошлади. Мана мисоллар:

- Уйдирма асослардаги айбловлар билан Россия Федерациясида мухожиротдаги сиёсий фаол, диндор ёшларнинг ўғирлаб келиниши (аввалроқ отиб келинар эди, диний уламолар , журналистлар);

- В.Иноятнинг гўёки қўшни Республикада (Қирғизистон) қўлга олиниши ва сўнгра депортация қилиниши;

- Ҳуқуқ ҳимоячилари; М.Тожибоева ҳамда М.Эшонқуловалар тўғрисида интернет орқали қоралаш мақсадидаги (жамоатчиликни чалғитиш) буюртма мақолалар чоп этилиши;

- Қамоқда қолаётган сиёсий арбоблар, мухолифат вакиллари, журналист ва виждон тутқунлари (буюрта асосида озодликдан махрум этилганлар) ўз муддатида озод этилмай, сиёсий буюртма асосида уларга муддат қўшиб берилиши;

- Яқинларидан сиёсий ўч олиш мақсадида қамоққа ташланган мухолифатчининг отаси Ҳ.Чориев, “Эзгулик” фаоли А.Худойназаровлар озодикка чиққач 1-2 ой ичида “вафот этишди”… А.Караматовга ўпка силининг оғир формаси юқтирилди;

- ЎИХ “Эзгулик” фаоли (Сирдарё вилоятидан) И.Ризаев фаолиятига тўсиқ қўйиш (чек қўйиш) мақсадида узоқ йиллар давомида ИИБ, МХХ, Прокуратура, Адлия органлари томонидан узлуксиз турли усулларда уйдирма аризалар ташкил этилди, газеталарда қораловчи материаллар тарқатилиб, маҳаллий телевиденияда буюртма кўрсатувлар эфирга узатилиб, интернет нашрларида бўхтон мақолалар чоп этилди. Дарвоқе, яқинда мустақил журналист Т.Т.Останақулов “Бирдамлик” интернет саҳифасида мен ҳамда В.Иноят ва А.Тошановлар ҳақида чоп этилган навбатдаги бўхтон материални у ёзмаганлигини эътироф этиб, узр сўради ва бу ҳақида “Замондош” интернет саҳифасида раддия берганлигини айтди. (Агар гапи рост бўлса…) Оиласини бузиш мақсадида монтаж қилинган фото суратлар ташлаб кетилди, (К.Бозорбоев “тайёрлаган”) бир неча бор вилоят Жиноят Судлари томонидан соҳта тўпланган “буюртма” айбловлар асосида маъмурий тартибда катта миқдордаги жарималарга тортилди. Унинг юқори Инстанцияларга мурожаатлари Халқаро ҳамда Ўзб.Респ.нинг амалдаги Қонунларига хилоф тарзда атайлаб, ғараз ниятларда кўриб чиқилмай, (Бош Прокуратура, Олий Суд) шошилинч тарзда турар-жойига 2013 йил ноябр ойида кетма-кет 4 марта вилоят Суд ижрочилари орқали босқин уюштирилиб, бутун рўзғор буюмларини ғорат қилишди. Яқин қариндошлари орасига МХХ орқали нифоқ солинди, улар орқали руҳий таъсир этишга ҳаракатлар бўлди.

Бироқ, мухолифатчи ҳамда ҳуқуқ фаоли И.Ризаев фаолиятини давом эттиравергач, 2014 йил март ойидан бошлаб Мирзаобод тумани ИИБ бошлиғи (Р.Охунов), ЖИБ Мирзаобод туман Суди раиси (С.Расулов), Мирзаобод туман Прокурори (М.Бекмурзаев) ўзаро жиноий тил бириктиришиб, И.Ризаевга навбатдаги буюртма асосида ноқонуний катта миқдордаги жарима жазоси (2 000 000 сўм) тайинлангач, бу сохта айблов устидан кейинги Инстанцияларга (Кассация, Назорат тартибида) фош этувчи ҳужжатлар билан қилинган мурожаатлар ғараз ниятларда Қонунан кўриб чиқилмай, 2014 йил 15-июл куни Суд Ижрочилари Мирзаобод туман бўлими томонидан (Ф.Эшбоев) таҳдид қилувчи (“Сўнгги огоҳлантириш” деб ёзилган (?)) огоҳлантириш хатини оила-аъзоларига ташлаб кетиб, мазкур идорага борган И.Ризаевга ҳали Қонуний кучга кирмаган Қарорнининг ижросини 5 кунлик муддат ичида ихтиёрий тўламаса, мол-мулкига қаратишлик ҳақидаги (уйда деярли ҳеч нарса қолмаган) Огоҳлантириш хатига имзо чектирилди…

Ҳа, улар менинг хонадонимга ўзларининг манфур башараларини такроран суқишга ҳозирлик кўрмоқдалар…

…Антик давр файласуфи А.Аврелий айтганидек; “Адолат ва Одил Суд бўлмаган мамлакатда Давлат қароқчилар тўдасига айланади” деган доҳиёна башорати, Сирдарё вилоятидаги Ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар томонидан кузатилаётган қўшимча менга нисбатан ҳозирги воқеликларга ҳамоҳангдек гўё…

Мен бу каби катта миқдордаги сохта жарималардан (аввал 5 500 000, сўнгра 2 000 000 сўм) фориғ бўлиш учун Г.Каримовага мурожаат этсаммикан?

Хорижга “унинг номидан” олиб чиқиб кетилган миллиардлар (ҳозирда музлатилган) олдида менинг жаримам денгиздан бир томчи-ку!…

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган саноқли қолган ўзгача фикрловчи ҳур инсонларга фақат Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Исроил Ризаев
Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти Марказий Бошқаруви аъзоси

“Ҳаракат”: Агентлигимиз “Бирлик”нинг жарчиси, Исроил Ризо эса айнан “Бирлик”нинг лидерларидандир. Демак, у бизнинг сафдошимиз ва ҳамкоримиз. Аммо, унинг “Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган саноқли қолган ўзгача фикрловчи ҳур инсонларга” ифодасига қўшилолмаймиз. Агар улар саноқли бўлса эди, мавжуд режим уларга эътибор ҳам бермаган бўларди. Ҳақиқиат шундан иборатки, Исроил Ризо каби лидерлар атрофида ҳозирча кўзга кўринмаётган минглаб одамлар бор. Вақти келади, улар оёққа туради. Ислом Карим шундан қўрқиб, уйқусини ҳам йўқотган. У тамом бўлмоқда. Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқишга қурби етадиган ягона куч - “Бирлик” Партиясидир.

Суратда ўнг томондан иккинчи Исроил Ризаев. Бу сурат ўзбек демократларининг делегацияси, 2010 йилнинг май ойида Брюсселда, Европарламент ва Еврокомиссиясида учрашувларлар ўтказишган вақтида олинган.