13 July 2014
18:21 - Исроил Ғазода ерда бажариладиган операция бошлади, арабларнинг бугунги ҳолига вой! Нега Оллоҳдан ёрдам йўқ, айб ўзимизда эмасми?
Маълумки, Ғазодан Исроилга пала-партиш отилаётган ракеталарни сал кам ҳам ҳаммасини ҳаводаёқ портлатиб юбораётган исроилликлар бир неча кун аввал ўзлари ҳаво операцияси бошлаб, аниқ нишонга уриладиган ракеталар билан юзлаб ғазолик арабларни ўлдирдилар. Операция ХАМАСга қарши олиб борилаётгани айтилса ҳам, тинч аҳоли ичида ҳам қурбонлар кўп. Исроил Бош вазири Бенямин Натаняҳу жаҳоннинг босимига қарамасдан бу операцияни тўхтатмасликларини билдирганди.

Бугун жаҳон агентликлари Исроил ХАМАСнинг ракета отадиган механизмларини йўқ қилиш мақсадида ерда ҳам операция бошлаганини эълон қилдилар. Яъни, яҳудийлар ва филистинликлар тўғридан-тўғри янги урушга кирдилар.

Бу уруш қандай натижа билан тугаши аввалдан маълум. ХАМАСнинг ҳамма механизмлари, исроилликлар истаса, ҳатто ҳамма филистинликлар йўқ қилинади. Дунё бироз бақир-чақир қилиш билан чекланади.

Филистинлик араблар, қолаверса, бутун дунё мусулмонлари, Ислом дунёси нима учун бундай ғариб аҳволда эканлиги устида ўйлашлари керак. Кўриб турибимзки, ҳамма 5 маҳал номоз ўқиб, рўза тутишига қарамасдан, Оллоҳнинг ўзи ҳам арабларга ёрдам қўлини чўзаётгани йўқ.

Оллоҳдан ёрдам олиш учун, авваламбор унинг айтганларини, Қуръон орқали бизга берган топшириқларини тўғри бажаришни ўрганиш лозим.

Бу вазиятдан чиқишнинг биттагина йўли бор – Қуръонни қайтадан тафсир қилиш, Ислом динини ислоҳот қилишдир. Ислоҳотнинг асосида қуйидаги 2 принцип ётиши кераклигини авваллари ҳам кўп марта ёзганмиз, яна такрорлаймиз:

- Ислом дини дунёвийлик, яъни секуляризм принципини қабул қилади.

- Исломнинг 5 эмас, битта фарзи, яъни “имон” борлиги тан олинади, ҳозир фарз деб ҳисобланаётган 5 маҳал номоз, рўза тутиш, ҳаж қилиш, закот бериш эса, бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ бўлмаган амлиётларга айлантирилади.

Расм Reuters Агентлиги сайтидан олинди.