03 July 2014
22:34 -
Ўзбекистонда айирмачи гуруҳ етакчиси халқаро қидирувга берилибди

12news.uz сайтига кўра, ўзини Қорақалпоғистон мустақиллиги учун курашувчи деб атаётган “Олға Қорақалпоғистон” айирмачи гуруҳи етакчиси Аман Сагидуллаевни халқаро қидирувга берилибди. Аммо, Сагидуллаев айнан айирмачилиги учун эмас, балки “Агроинтехника” лизинг компанияси собиқ раҳбари сифатида қидирувга берилган. Тушуниш мумкинки, у аслида қорақалпоқларни Ўзбекистон таркибидан чиқаришга уринишда айбланмоқда.
Халқаро қидирув актида Сагидуллаевнинг 2 миллард сўмлик маблағни талон-тарож қилгани, унинг жиноий жавобгарликка тортилиши жараёнида хорижга қочгани айтилади.
Ўзини Қорақалпоғистон мустақиллигига отланган курашчи деётган “Олға Қорақалпоғистон” гуруҳи интернетдаги ижтимоий тармоқларда фаоллашган, аммо бу хуфя ташкилотнинг аъзолари ҳақида маълумот йўқ, балки, бу ташкилотда етакчидан бошқа ҳеч ким йўқдир. Шундай бўлса ҳам, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига зарба беришга уринаётган бу шахс нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки жамоатчилик томонидан ҳам қораланиши керак.
Аммо, масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Ҳозир Ўзбекистоннинг иқтисоди чўкмоқда, ўртача ойлик бўйича қозоқлардан 8-10 баравар орқадамиз. Келажакда давлат бўлиб қолишимиз ҳам аниқ эмас. Шундай экан, фақат Қорақалпоғистон эмас, бошқа вилоятлар ҳам Қозоғистонга қўшилишни истаб қолишлари мумкин.