
Франция элчихонаси тарқатган хабарга кўра, бу мамлакатнинг Тошкентдаги элчиси Жак-Анри Элс Ўзбекистон муфтиси Усманхон Алимов билан кўришиб, мусулмонлар идорасининг ички ва халқаро фаолияти ҳамда Ўзбекистонда ислом динининг аҳволи билан танишибди.
Маълумки, ҳар қандай сиёсатчи биронта учрашув ўтказиш олдидан, бу учрашув мазусига тегишли аҳвол билан аввалдан танишиб чиқади. Наҳотки, Жак-Анри Элснинг шунга ақли етмабди. Агар танишса эди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси деб аталадиган ташкилот Ислом динининг душмани бўлган Ўзбекистондаги режимнинг қўғирчоғи эканлигини, унинг раҳбари ҳисобланадиган Усманхон Алимов деган шахс эса, режим нима деса шунқа қиладиган қўғирчоқ эканлигини олдиндан тушунган бўларди.
Қолаверса, Франциядек демократик давлатнинг элчиси Ўзбекистонда демократиянинг аҳволи, тўғрироғи, унинг йўқлиги, халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар тарафидан тузилган дунёнинг 10 та энг ёмон диктаторликлари рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилгани, Ўзбекистонда қийноқлар систематик равишда қўлланиши ҳатто БМТ тарафидан тан олингани билан қизиқиши керак эди. Бундан ҳам муҳими, Ўзбекистондаги бу аянчли аҳволни тузатиш учун Франциядек демократик давлат нима қилиши кераклиги хусусида ўз ҳукуматига маълумотлар юбориши ва ўзи ҳам шу йўналишда бирон нарсалар қилиши керак эди.
Қизиқ, Франция Ўзбекистон билан биргаликда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо эканлигини, бу ташкилотнинг 1999 йили Истанбулда ўтказилган саммитида инсон ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ бўлган масалалар давлатларнинг ички иши эмаслиги ҳақида декларация қабул қилинганини элчи Жак-Анри Эл биларимкан? Агар билмаса, у элчи эмас, оддий масхарабоз, билиб туриб ҳеч нарса қилмаётган бўлса, ўз миллатини ҳам алдаб юрган одамдир.