Ўша куни “Ҳаракат” Агентлиги шу пикет бўйича 3 та хабар тарқатди. Эрталаб, пешиндан кейин ва кечга яқин тарқатилган хабарлар қуйидагилардир.
Cенсация: Тошкентда Қирғизистон элчихонаси олида “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин” шиорли пикет ўтказилди
2 соатча аввал Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида тахминан 15-20 нафар “Бирлик” ва “Эзгулик” фаоллари “Ўзбекларга қарши геноцид тўхтатилсин”, “Бирлик” қирғиз фашизмини қоралайди” каби сўзлар ёзилган плакатлар билан пикет ўтказишди. Ўзбек миршабларининг тарқалиш талаби бажарилмади. Пикетчилар элчихона вакили чиқишини талаб қилишди. Шундан кейин, пикетчилардан икки киши – “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” раиси Васила Иноят ва партиянинг Тошкент шаҳар ташкилоти раиси Ҳайитбой Абдулла элчихонага таклиф қилинди.
Улар ўзини элчининг маслаҳатчиси деб танитган Анорахон Қосимбекова билан гаплашиб, пикетчиларнинг талабларини қирғиз ҳукуматига етказишни талаб қилишди, “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг қирғиз фашизмини қораловчи, ўзбекларни ҳимоя қилувчи баёнотларини топширишди.
Бу учрашув бўлаётган пайтда элчихона олдига автобусларда келган ўзбек миршаблари пикетчиларнинг кўпчилигини Мирзо Улуғбек туман ИИБ биносига олиб кетишди. Кейин элчихонадан чиққан Васила Иноят ва Ҳайитбой Абдуллалар ҳам шу ерга келтирилди. Бу ерга телефон қилган “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат пикет қатнашчилари билан суҳбатлашди. Улар ҳозир ҳам ИИБда ушлаб турилибди, руҳлари баланд.
Ўзбекистон каби тоталитар бир мамлакатда бундай чиқиш қилиш қандай мардлик эканини ҳар ким тушунса керак. Айни замонда, Ўзбекни ҳимоя қилган ўзбекларнинг миршабхонада ушлаб турилиши - Ўзбекистон ҳукуматнинг миллий хоинлардан иборат эканлигини яна бир бор исботлайди.
Пикетчилар ҳали ҳам миршабхонада
Қирғизистон элчихонаси олдида пикет қилган “Бирлик” ва “Эзгулик” фаоллари ҳали ҳам Мирзо Улуғбек туман миршабхонасида ушлаб турилибди. Бир соат аввал миршаблар уларга миршабхона ошхонасида овқатланишга рухсат беришган. Васила Иноятнинг фикрича, пикетчилар қўйиб юборилса, улар яна Қирғизистон элчихонаси олдига бориб, намойишни давом эттиришади, деган қўрқув ичида миршаблар уларни қўйиб юборишмаяпти.
Асосан тошкентликлардан иборат пикетчиларнинг ҳар бирини ўзлари яшайдиган туман мирашхоналарига тақсимлаб бериб, уларнинг ҳар бир қадамини назорат қилишмоқчи деган фикр ҳам йўқ эмас.
Тошкентдаги пикетчиларни қўйиб юборишди
Бугун эрталаб Қирғизистон элчихонаси олдида қирғиз фашизмини қоралаб пикет қилаётган пайтда ушлаб кетилган ва Мирзо Улуғбек туман ИИБ ҳовлисида ушлаб турилган “Бирлик” ва “Эзгулик” фаоллари бир соатча аввал қўйиб юборилди. Уларга қарши ҳеч қандай ҳаракатлар қилинмаган, уларни нимага ушлаб туришдию нимага қўйиб юборишаётгани ҳақида изоҳ ҳам берилмаган.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги воқеа ўзбек демократик мухолифатининг фаолиятида бурилиш нуқталаридан бўлади. Бугунги пикет Ўзбекистондаги диктатура шароитида ҳам бир нарсалар қилиш мумкин, деган фикрни тўла исботлайди.
Мен шу фикрни ва Қирғизистон элчихонаси олдида пикет ўтказиб, талабларимизни ўртага қўйишимиз кераклигини апрель ойи бошида айтганимда, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, яқин сафдошларим ичида ҳам ортиқча энтузиазм кўрмаган эдим. Мана бугун кичкина бўлса ҳам ғалаба қозондик.
* * *
“Ҳаракат” таҳририятидан: Ҳозир орадан 3 йил ўтгандан кейин, пикет қатнашчиларининг баъзибирлари расмга ҳам тушишни истамагани, баъзилари эса, қўлларидаги плакатлар билан юзларини бекитиб турганларини ўқувчиларимиз тўғри тушунмаслиги ҳам мумкин. Аммо, ҳамма нарсага ўша кун нуқтаи назаридан қараш лозим.
Пикет 10 июнда ўтказилди. 9 июнь куни эса, Васила Иноятни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва ташкилий жиноятларга қарши кураш Бошқармасига чақириб, “агар пикетга чиқсангиз, ундай қилиб юборамиз, бундай қилиб юборамиз” деган сўзлар билан мудҳиш шаклда қўрқитишга ҳаракат қилдилар. Пикет ўтказмаслик қарори ҳам олинди. Вилоятлардан келишни режалаштириб қўйганларга бу ҳақда хабар ҳам берилди. Шундай бўлишига қарамасдан, кичкинагина бир гуруҳ, жаҳон бўйича сони 30 миллионга етиб қолган Ўзбек миллатининг ҳаммаси қорамолларга айланиб кетмаганлигини кўрсатувчи пикетга чиқди ва қирғизлардан ўзбекларга қарши олиб борилаётган фашистик сиёсатни тўхтатишни талаб қилди.
Вақти келиб, бу пикет мактабларда тарих ва миллийлик билан боғлик бўлган дарсларда, миллат сифатини йўқотган ўзбекларни қайтадан миллат қилиш йўлидаги уринишлардан бири сифатида, ўқитилишга бошланганидан кейингина, Ўзбеклар миллат сифатини тиклаганини гапириш мумкин бўлади.