27 April 2014
20:05 - Украина жанубида ишлар чатоқ, у ерлар Россиянинг қўлига ўтиб бўлганга ўхшайди, ўзбекларга нима?
Кўринишидан, Россия Украинада шу каби воқелар бўлишини аввалдан тахмин қилиб, йиллардан бери жанубдаги вилоятларда қуролланган яширин отрядлар тузиб тайёрлаб қўйган, ҳозир улар ҳокимиятни қўлга олмоқдалар. Ёки, Россия охирги ойлар ичида Украинага чегара орқали ўзининг жанговор отрядларини сиздириб олган ва айнан улар маҳаллий руслар ичидаги ўз одамлари панасида ҳокимиятни қўлга олмадилар.

Кеча Украина Ички ишлар вазирлигининг қўшинлари Славянск шаҳридаги федералист-террористлар қурган бир нечта блокпостни йўқ қилиб, ташаббусни қўлга олгандек бўлдилар. Аммо, бугун яна ташуббус қарши тарафдагиларга ўтди.

Рус отрядлари бугун Краматорск аэродромидаги Украина ҳарбийларини қуршаб олишгача боришди. Улар Донецкда давлат телерадиокомпаниясининг вилоят бўлимини босиб олишди ва Россия телеканалларини эфирга узатуш учун техник ишлар олиб боришмоқда. Федералистлар Украина ҳукуматига ультиматум қўйишда ва агар 29 апрелгача федерализм талаби билан ўтказилиши режелаштирилаётган референдумга расмий рухсат берилмаса, ишлар ёмон бўлишига ишора қилишди.

26 апрель куни рус отрядлари тарафидан Славянск шаҳри яқинида гаровга олинган Европада Хавфсизли ва Ҳамкорлик Ташкилоятининг (ЕХҲТ) 5-6 нафар ҳарбий кузатувчиси бугун журналистлар олдига чиқарилди. Улар аввал подвалда сақланганлари, ҳозир тузукроқ ерга жойлаштирилганларини айтар эканлар, ўзларини асир эмас, Славянск ҳокимининг меҳмони деб ҳисоблашаётганини шармандаларча айтишибди. Табиий, қўрқув остида айтишга мажбур қилинишган, шаҳар ҳокими эса, ўзини “ҳоким” деб эълон қилган русларнинг одамидан бошқаси эмас.

Украинанинг жанубий вилоятларида руслар аҳолининг сал кам ярмини ташкил қилади. Аммо, қолган қисм, яъни украинлар қани? Улар нимага ҳеч нарсага аралашишмаяпти? Украинанинг бирон нарсага яроқли ҳарбий кучлари борми ўзи?

Бу саволларга украинлрнинг ўзи жавоб қидирсин, аммо бу воқеалар ўзбекларани ўйлантириб қўйиши керак.

Ҳозир тахмин қилиш қийин эмаски, иқтисоди чўкиб бораётган, президенти эса ҳамма ишларини четга суриб қўйиб, ҳар замонда кўзга кўриниб қолишини ҳисобга олмасак, Оқсарой исмли инидан чиқмасдан ўз соғлик масаласи билан овора бўлаётган эканми, бундай Ўзбекистон давлат сифатини йўқотиб бўлди. Унинг бирон нарса қўлидан келадиган армияси борлигига ҳам ишониб бўлмайди.

Мухолифатчиликка даъво қилаётганларнинг кўпчлиги, худди Остап Бендер каби, турли йўллар билан пул ишлаб қолиш дардида. Миллат ва давлат дарди билан эса, “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлигидан бошқа ҳеч кимнинг иши йўқ.

Вазият оғир. Украинадан баттар аҳволга тушишиб қолиш эҳтимоллигимиз жуда катта. Демак, “Бирлик” ва “Ҳаракат” елкасидаги давлат-миллат маъсулияти янада юксалди.