28 October 2008
04:00 -
22:00 - Ўзини эплолмаганлар... ўзгаларга кўмак бермоқда - Хуфябоши Берлинга борди(ми?) 21:00 - Эски қўлқоплардан воз кечилмоқда - Контрабандачилар қўлга тушди, ура! 19:30 - “Эрк” ва “Бирлик” лидерлари мухолифатнинг фа
22:00 - Ўзини эплолмаганлар... ўзгаларга кўмак бермоқда

Кундан кунга қашшоқлик, коррупци ботқоғига ботаётган, айни пайтда миллий хавфсизлиги хавф остида қолаётган Ўзбекистон ҳукумати қўшни Афғонистондаги барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани ҳақида бонг урмоқда. Бугун электрон манзилларимизга келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хабарномасида бу ҳақда атрофлича баён қилинган. Масалан, икки мамлакат ўртасида улкан “Ҳайратон” кўприги барпо қилинган, қўшниларга хизмат кўрсатувчи “Айритом” божхона мажмуи ишга тушган. Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда Мозори Шарифдан Кобулга қадар масофада 11 тадан ортиқ кўприклар бунёд қилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 1 миллион 200 минг тоннадан ортиқ ёрдам юклари ташилди. 300 Мега ваттдан ортиқ электр энергияси узатилмоқда, қўшни мамлакатларда 122 та қўшма корхона ишламоқда.

Хуфябоши Берлинга борди(ми?)

Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Миллий хафвсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг Германияга расмий ташриф билан борганини ёзишмоқда. Аммо бу ҳақда маълум қилаётган хабарчиларнинг далиллари расмий манбаларга таянмаган. Шунингдек, бирорта немис нашри ҳам бу ҳақда ёритмади. Аммо воқеага сиёсий тус ва бўёқ бераётган Ҳьюман Райтс Вотч ҳамда Очиқ жамият институти вакиллари негадир ташриф ҳақида ишонч билан гапиришмоқда. Ҳатто бу сафарни немис дипломатларининг сотқинлигига йўяётганлар ҳам бор.

Маълумки, ўзбек хифябошисининг ЕИ ҳудудига киришига 2005 йилдаги Андижон хунрезлигидан кейин таъқиқ қўйилган, бу таъқиқ шу йил 13 октябрда олиб ташланган эди. Мухбирларимиз мазкур ташрифнинг амалга оширилгани ёки йўқлигини аниқлаштиришга уринишаётибди. Лекин, бунда ташриф бўлганига мантиқан ишониш қийин. Чунки, Рустам Иноятовнинг Германияга келиб бажарадиган муҳим иши йўқ Шундай шароитда, немислар ўз обрўларини туширадиган бу сафарга рухсат беришлари шубҳали.

21:00 - Эски қўлқоплардан воз кечилмоқда

Кеча Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ёшлар радиоканали директори Қаҳрамон Ашуров ишдан олинди. Унга Рамазон ойида айрим диний эшиттиришларни МХХ назоратисиз эфирга қўйиб юборгани айби қўйилди. Энди бу лавозимга Бурҳон Бобохонов ўтирди, у шу каналда муҳаррир бўлган.

Шунингдек, қарийб ўн йилдан ортиқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги “Оила ва жамият” газетасини бошқариб келган Дилбар Саидова ҳам рутбасини топширди. Таҳририятдагилардан маълум бўлишича, муҳаррир хоним Хотин-қизлар қўмитасининг янги раиси Фарида Абдураҳмонованинг қаттиқ танқидига нишон бўлган.

Контрабандачилар қўлга тушди, ура!

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот воизлари тарқатган маълумотга кўра, чегара қўшинлари аскарлари Қирғизистонга сотилаётган 2 тонна пахтани ушлаб қолишга муваффақ бўлишди. Андижоннинг Пахтаобод туманида маҳаллий пахтафуруш томонидан қўшниларга пулланаётган оқ олтин шонли Ватанимиз хирмонига қайтарилди, дейилади хабарда.

Лекин, “ура!” деб бақиришга асос йўқ. Бизда ҳукумат пахтани деҳқонлардан арзон нархда мажбуран сотиб олиш амалиётини йўқ қилмаса, турли йўллар билан пахтани чет элга олиб чиқиб сотишнинг олдини олиб бўлмайди, дейди “Ҳаракат” мухбири.

19:30 - “Эрк” ва “Бирлик” лидерлари мухолифатнинг фаолиятини жонлантириш хусусида фикрлашдилар

Андижон воқеаларидан кейин чет элга кетиб қолган мухолифат вакилларининг кўпчилиги Ўзбекистондаги сафдошлари билан алоқаларни давом эттириш, уларга ҳар тарафлама ёрдам бериш ўрнига, ички муаммолар яратиб, уларнинг гирдобига ботиб бораётгани ва бундай хатти-ҳаракатлари билан юрт ичидаги мухолифатнинг шахтини кесаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Аммо, бунга қарамасдан, Ўзбекистон ичида демократик мухолифати ўз фаолиятини кескин жонлантириш учун ҳаракатлар қилмоқда. “Ҳаракат” журналининг чиқиши қайтадан йўлга қўйилиши, “Бирлик” Партияси лидерининг Ўзбекистондаги сафдошлари билан алоқаларни интенсивлаштириши ҳам бунинг кўрсатгичларидан баъзиларидир.

Бугун Абдураҳим Пўлат “Эрк” партиясининг раиси Самад Мурод билан телефон орқали суҳбатлашди. Икки лидер Ўзбекистондаги умумий вазият, мухолифатнинг аҳволи ҳақида фикр алмашдилар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилмаётгани учунгина суст кўринаётган демократик мухолифат, аслида, катта потенциалга эга бўлибгина қолмасдан, мавжуд шароитдан келиб чиқсак, етарлича фаолият олиб бормоқда, деган умумий фикрда тўхтадилар.

“Бирлик” ва “Эрк” лидерлари ишларни янада жадаллаштириш, мухолиф гуруҳларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида қилиниши керак бўлган конкрет қадамларни маслаҳатлашдилар.

12:30 - “Бирлик” лидерлари қурултой масаласини муҳокама қилишди

Бугун Тошкентга келган “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд вилоят ташкилоти раиси Холиқназар Ғани партия Бош котиб Васила Иноят билан учрашди. Уларга телефон орқали партия раиси Абруҳим Пўлат қўшилди ва лидерлар партиянинг ташкилий ишларини муҳокама қилдилар. Хусусан, вилоят конференцияларини юксак савияда ўтказиш ва партиянинг қурултойига тайёрланиш хусусида маслаҳатлашдилар.

Айни замонда, дунёда бўлаётган молиявий бўҳрон ва АҚШ да бўладиган президент сайловлари натижасининг МДҲ мамлакатларига, хусусан, Ўзбекистонга таъсири ҳақида фикр алмашдилар.

Саакашвили Бош вазирини алмаштирди

Кеча Гуржистон президенти Михаил Саакашвили ўз мамлакатининг Бош вазири Ладо Гургенидзени истеъфога жўнатди ва бу лавозимга Гуржистоннинг Туркиядаги элчиси Григол Мгалоблишвилини тайинлдаи.

Россиянинг босим ва ҳарбий провокцияларига қарамасдан Ғарбнинг моддий ва маънавий ёрдамида ўзини мустаҳкам сезаётган Михаил Саакашвили ўз командаси ичида керакли ўзгаришлар қилиб, олға кетишни режалаштираётгани кўриниб турибди. Маълумки, бу уруш баҳонасида Гуржистон Россия билан конфликтини халқаро ҳамжамиятнинг муаммосига айлантирди ва урушнинг бу босқичида феълан ғалаба қозонди.