21 October 2008
03:00 -
23:30 - Сайтимизга келган бир хат ва Абдураҳим Пўлатнинг жавоби 22:00 - Икки кундан сўнг Аъзам Турғунга ҳукм ўқилади 21:00 - Дилмурод Саййиднинг укаси вафот этди - Ислом Карим озиқ-овқат хавфсизлигидан хавотирда
23:30 - Сайтимизга келган бир хат ва Абдураҳим Пўлатнинг жавоби

Бугун сайтимизга келган хат асосан Абдураҳим Пўлатга тегишли бўлгани учун хатнинг матни ва Абдураҳим Пўлатнинг жавобини эълон қилмоқдамиз.

Хат: Ўзбекистон халқ харакати "Бирлик" Партиясининг Марказий Кенгашига очиқ хат

Ассалому алайкум хурматли марказий кенгаш азолари. Хатимзни очиқ ёзаётганимизни сабаби хаммага аён кўпчилик кенгаш аъзолари юрт ташқарсига чиқиб кетишганлигидадир, қолаверса биз айтмоқчи бўлган муоммонинг беркитадиган ери хам йўқ.

Бирлик партиясининг Интернет сахифаси ва Харакат журналини ,партиямизнинг ғояларини ва асил мақсадларини кенг жамоатчиликга етказиш учун ташкил қилганмиз. Афсуски сайтни бошқаришни партия раисига ишониб катта хато қилган эканмиз. Хечдан кура кеч,- дейди халқимиз, партия раиси А Пулатовни "Харакат" журнали тахририятидан ва Интернет сахифасини бошқарувидан четлаштиришни талаб қиламиз, бунга етарли далиларимиз бор ва қуида исботлаб берамиз.Давогар суст булса қози муттахам деган мақол бекорга айтилмаган. Хеч ким диктатор булиб туғилмайди уни лоқайд ва лаганбардор одамларни узи яратади.

Мана биз хам битта диктаторни яни А Пултов тимсолида яратиб қўидик. Натижада Харакат журнали ва Интернет сахифамиз А.Пулатов томонидан хусусйлаштирлиб, иғво ва тухматлар яратиб тарқатадиган улкан фабрикага айланиб қолди. Партия фаоллари томонидан жўнатилган мақола ва таклифлар "хўжайин" томонидан қаттиқ цензура қилина бошлади,партия аъзоларини ёзган маqола ва таклифлари Пулатовни манфаатларига зид булса босиб чиқарилмайди ёки ўзгартириб ўз манфатига мослаб элон қилинади, биз эса жим турамиз. Қани гапириб кўрайликчи эртага Бирликни Интернет сахифасида бизни тўгримизда тушимизда хам кўрмаган айблар билан айбланамиз. Партияни обрўсини тўкаётганлигини раисга айта олганларни кўпчиликги аллақачон хар хил тухмат ва игволарга учраб партиядан кетишга мажбур булганлар.

Бирликни Интернет сахифаси орқали партияни виждонли ва ўз фикрига ега булган фаоллари Бахром Хамроев ва Исмоил Дадажоновлар хақида булмағур тухматлар яни дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолияти тақиқланган Хизбут Тахрир харакатига азоликда АЙБЛАНИБ ,А.Пулатов томонидан мақолалрни сурункасига элон қилинаётгани ,Исмоил Дадажоновни нафақат Ўзбекистонда, бошқа мамлакатларда яшайдиган яқинлари, қариндош уруғлари хамда уларни яқиндан биладиган бошқа инсонларни МХХ тамонидан таъқиб қилинишларига сабаб булмоқда. Ўзбекистон МХХ тажрибасидан унумли фойдаланиб ўзига ноқулай бўлган партия аъзоларига нисбатан тухмат ва бухтонлар ишлатиб уларни партия сафидан чиқаришга уриниб келяпти....

Ўтган кунларда Толиб Ёқубов, Зохид Хақназаров, Дадахон Хасанов ,Ёдгор Обид, ва бошқалар бугун Бахром Хамроев ,Исмоил Дадажонов эртага кимларга навбат келар экан? Биз барча Бирлик партияси фаоллари ватанимизда демократик давлат қуриш учун курашга бел боглаган булсак аввал партиямизни ичида демократик рух ташкил қилиб олишимиз керак. Партиямизнинг низомини 5.3 бандида Партия раиси , раис ўринбосарлари ва партия котиби икки йилдан уч муддатга сайланиши мумкин деилган . Хозирги рахбарият низомда курсатилган муддатни ўтаб булишига озгина муддат қолди.Биз буладиган партя қурултойда низомга асосан ўзмизга янги ишчан кибр хаводан йироқ , таккабурликдан холи ,ўз манфатидан халқимизнинг манфаатларини устун қуя оладиган одамларни сайлаб олишимиз керак. Партия нашрларини ,Интернет сахифасини партияни мустақил матбуот марказини ташкил қилиб уларга топширишимиз керак деб хисоблаймиз ва талаб қиламиз.

Набижон Норбутаев МК аъзоси.
Рафиқ Ганиев партия фаоли.
Тулқин Қораев партия фаоли.
Муххиддин Қурбонов МК аъзоси.
Иномжон Бобохонов партия фаоли.
Улугбек Заинобиддинов партия фаоли

Жавоб: Абдураҳим Пўлатдан

Бу хатни ёзган одамлар жиддий эканлигига шубҳам бор. Балки, бундай хатнинг ўзи ҳам йўқдир, хат остида исми келтирилган одамларнинг бу хатга алоқаси ҳам йўқдир. Шундай бўлса ҳам, бу хатни бир баҳона ўлароқ қабул қилиб, баъзи фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, “Ҳаракат” сайтини биз сафдошим Пўлат Охун билан бирга яратганмиз ва у “Бирлик” Партиясининг расмий органи эмас. Бу - мустақил информацияон-аналитик сайтдир. Буни тушунмасдан хат ёзаётганларнинг қанчалик ножиддий эканлигини шундан ҳам кўриш мумкин.

Мен шу сайт ва шу номдаги журнални чиқараётган гуруҳнинг раҳбариман. Ақли роса одам тушунадики, бу гуруҳ етралича катта ва кучли, акс ҳолда, у ўзбек тилидаги ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетган ва Ўзбекистондаги тузум ҳақида йиғи-сиғи қилишдан бошқа нарсага қодир бўлмаган мазохист сайтлардан бирига айланарди.

Иккинчидан, сайтимиз ҳар кимнинг фикри учун очиқ ва ҳар қандай мақола цензурасиз эълон қилинадиган ўзбек тилидаги ягона сайтдир. Мен, масалан, бу хат остида имзоси турган одамларга бир неча марта ўз фикрларини ёзишни таклиф қилганман, уларнинг фикрларининг бир дона ҳарфи ҳам ўзгартирилмасдан эълон қилинишини айтганман. Лекин, фикрлар асосланган бўлиши кераклигини, акс ҳолда, сайтнинг ёки менинг шахсий таҳлилим илова қилиниши мумкинлигини билдирганман.

Масалан, Исмоил Дадажон бутун мухолифатни бирлаштириш каби ташаббус билан чиқиб, уни амалга оширолмагандан кейин, 2-3 ой ялиниб-ёлвориб, ҳатто алдаб-сулдаб ундан бир мақола ёздириб олганман (қаранг: “Ҳаракат” журнали, № 1(64), 2007. “Ўзбекистон мухолифати бирлашадими?” мақоласи). У ўз мақоласида мухолифатнинг бирлашиши йўлидаги асосий тўсиқ 53-54 лақабли Салой Мадамин эканлигини зўрға эътироф этган, аммо, шу эътирофидан чиқиб келиб фаолият олиб бориш жасоратини топа олмаган ва демократияга ишончи йўқолгани учун ҳизбуттаҳрир йўлига ўтган ва зўр бериб мени ҳам шу йўлга ўтишга чақирган.

Айнан шу сабадан у ҳозир сиёсий мурдага айланган. Чунки, демократнинг ҳизбуттаҳрирчига айланишини ҳеч ким қабул қилолмайди. Агар у эскидан ҳизбуттаҳрирчи бўлганини бекитиб келган бўлса, бу унинг проблемаси, бизнинг эмас. Партиямизнинг Фарғона вилоят ташкилоти эса, бу одамни ташкилот фаолиятга таъсир қилолмайдиган узоқликда ушлаб туриш ҳақида қарор ҳам қабул қилган, у сайтимизда эълон қилинган. Қолаверса, у Швецияга келиб ўрнашгандан бери, минг афсуски, “Бирлик” фаолиятида иштирок ҳам этмаётгани маълум. Табиий, мени ҳам ҳизбуттаҳрирчиликкка тортишга интилишларини фаолият демасак.

2005 йилнинг охири ва 2006 йилнинг бошида ҳозирги хатга имзо чекканалардан бири эканлиги иддао қилинаётган Набижон Норбўтаевга бир неча марта электрон хат ва телефон орқали мурожаат қилиб, ўз фикрларини ёзиб юборишни сўраганман. Фикрлар ҳалигача ёзилгани йўқ. У ташкилотимиз билан алоқаларини, минг афсускуи, ўша вақтдаёқ узган. Дарвоқе, шу Очиқ хат менга етиб келгандан жавоби ёзилгунча ўтган 15-20 дақиқа ичида бу одамга телефон қилиб, бизнинг сайтимизда кимнинг мақоласи эълон қилинмагани, қайси мақолалар цензура қилингани, кимлар менинг туҳмат ва иғволаримга учраб ташкилотимиздан чиқиб кетгани, Исмоилнинг қайси яқинлари таъқиб қилинаётганини сўрашга ҳам улгурдим. Скайп орқали Пўлат Охуннинг ҳам гувоҳлигида Набижон шундай деди: "Бундай нарсалар эсимда йўқ, эслашим лозим". Умид қиламанки, унинг эсига бир нарсалар келиб қолар.

Аминманки, бошқа имзочилар ҳам менга айнан шундай жавоб беришган бўларди. Чунки, жавоблари йўқ. Хатларида келтирилган “фактлар” эса, ёлғон билан ғийбат ўртасидаги нарсалардир.

Баҳром Ҳамроевдан ўзининг ҳизбутаҳрирчилик ғояларини асослаб мақола тайёрлашни сўраганимни ҳатто журналимизда эълон қилганман (истаганлар қарашсин: “Ҳаракат” журнали, № 5(62), 2006 йил, “Ҳаракат” агентлигининг янгиликлар тасмаси бўлимидаги 2006 йил 11 октябрь кунига оид “Кураш қурбонсиз бўлмайди, аммо Баҳром қурбон эмас” номли хабар). У билан эркакчасига гаплашганимиз ва у мақола ёзиб беришга ваъда қилгани ўша хабарда айтилган. Аммо мақола ҳалигача йўқ. Чунки, эркаклик йўқ.

Муҳиддин Қурбонов партиямизнинг Жиззах вилоят ташкилотининг собиқ раиси. Унинг бир мақоласи сайтимизда ва журналда эълон қилинган. Мақоланинг давоми борлиги ҳам кўрсатилган. Аммо, у ҳозир Ўзбекистонда сиёсий фаолият олиб бориш мумкин эмас деб, хоинлик даражасида хато қилди ва феълан партиямиздан айрилди. Лекин сайтимиз ва журналимиз унинг мақолаларига, ҳаммага каби, доим очиқ.

"Бирлик" катта ташкилот, катта даргоҳ, бировлар кетади, бировлар келади, бу табиий нарса. Аммо, Зоҳид Ҳақназаровнинг исми бу хатга нима учун киритилганини тушуниш қийин. У кишининг турмуш ўртоғи бир неча йил аввал Вашингтонда ўқиётган қизининг олдига келганда учрашганимизда: "Жон Абдураҳим, Зохид аканинг юраги ёмон, энди сиёсатга аралашмайдилар, Сиздан илтимос, унга бошқа телефон қилманг" деганини биламан халос. Шундай бўлса ҳам бир неча марта телефон қилиб сиёсатга алоқаси бўлмаган мавзуларда гаплашиб турганман.

Ёдгор Обиддек бирликчини "Бирлик"дан чиқишини ўйлашнинг ўзи аҳмоқликдир. У кишининг сайтимиздаги мақолаларидан маълумки, Ёдгор ака "Бирлик" тузилганини Сибирияда қандайдир қурилишда ёки ўрмончилик хўжалигида ишлаб юрганларида бир танишларидан эшитганлар. Ўша танишлари ҳатто "Бирлик" раисининг исмини, яъни менинг исмимни эслай олмаган экан. Яъни, Ёдгор ака "Бирлик"нинг тузилишига ҳеч алоқаси бўлмаган кишлигидан ташқари, мени деб бу ташкилотга кирмаган, шу сабабли, у кишининг мени деб "Бирлик"дан узоқлашишини гапиришнинг ўзи Ёдгор ака устидан кулишдир.

Очиқ айтаман, сиёсий масалаларни унча тушунмасдан, ибтидоий миллатчилик ғоялари чамбари ичида яшайдиган ва баъзи ҳолларда тушуниб-тушунмасдан миллиятчилик ғояларига ҳам ҳиёнат қилиб кетаверадиган девона, аммо бир шоир Ёдгор акани вақти-вақти билан танқид қилиб ҳам тураман. Бу демократик принципларнинг бир парчасидир, буни тушуниш керак, халос. Қолаверса, ўзбек ёзувчиларидан бир партияга кириш-чиқиш каби масалаларда маъсулият талаб қилишнинг ўзи ножиддийлик бўларди.

Шулардан келиб чиқиб ўйлайманки, бу Очиқ хатга қўл қўйганлар, агар ростдан ҳам қўл қўйишган бўлишса, бу ерда нималар ёзилганини ўзлари ҳам билишмайди ва тушунишмайди.

Мен эса, бу Очиқ хат нима учун ҳозир пайдо бўлганини ҳам жуда яхши тушунаман. Юрт ташқарисига қочиб олиб, энди ҳузур ҳаловатда яшаймиз деб ўйлайдиган одамларнинг ҳаловатини бизнинг сайтимиз қочирди. Шу сабабдан, улар ҳозир “Бирлик” ва хусусан мен билан курашишни асосий мақсад қилиб олишгану бунга кучлари етмаслигини тан олишни исташмайди.

Аммо, бу ифлос ишда танлаган тактик йўллари тўғри эканлигини тан олиш лозим. Улар мен учун жуда муҳим бўлган Васила Иноятни “Бирлик” Партияси ва менга қарши қўйиш учун роса ҳаракат қилишди. Василанинг Европага қилган сўнги сафари уларнинг хафсаласини пир қилди, шекилли, бу хат пайдо бўлди.

Бу хат аламзадалик руҳи билан экспромт шаклида ёзилган нома эканлиги шундан ҳам кўринадики, унинг муаллифлари "Бирлик" Марказий Кенгаши аъзоларининг кўпчилиги юрт ташқарисида яшашини ёзишмоқда. Ваҳоланки, МКнинг 38 аъзоси бор (қаранг: "Ҳаракат" журнали, № 4(43), 2003). Улардан фақатгина 5 киши (Исмоил Дадажон, Набижон Норбўтаев, Муҳиддин Қурбонов, Улуғбек Ҳайдаров, Собитхон Устабоев, Музаффармирзо Исоқов) юрт ташқарисида яшашади. Мен, Пўлат Охун ва Акбарали Ориф ўзимизни юрт ташқарисида яшовчилар ҳисобига қўшмаймиз, чунки, фаолиятимиз Ўзбекистонда.

Хат муаллифлари ва уларнинг раҳнамолари (мен уларни биламан) сайтимиз ва журналимиз кўтараётган принципиал масалаларда хато кўришган бўлса, хатоларни анализ қилувчи ва тўғри йўл кўрсатувчи мақолалар ёзишсин, дарҳол сайтимизда эълон қиламиз.

Гап принципиал масалалар тўғрисида кетмоқда. Майда-чуйда, фисқ-фасод гапларни ҳам эълон қилаверамиз, аммо, уларга муносабатимиз мен кўп марта айтган “шок терапияси” бичимида бўлишини яна бир марта эслатиб қўймоқчиман, кейин хафа бўлиб юришмасин.

Партиямизнинг навбатдаги қурултойига тайёргарлик ишлари давом этаётгани ҳам сайтимиздаги хабарлардан маълум. Аммо, бу Очиқ хатни имзолаганлар ва улар оқлашга ҳаракат қилаётган одамлар аллақачон партия билан алоқаларини узиб қўйишган, сўнги 2-3 йилда ҳеч бир фаолиятимизда иштирок этишмаяпти. Агар улар ҳали ҳам “Бирлик” ғояларга содиқликларини, ҳизбтаҳрирчиликда айбланаётганлар эса, айбномалар тушунмовчилик натижаси эканлигини эътироф қилсалар ва бу хусусда баёнотлар берсалар, сафимизга қайтишлари масаласи кўриб чиқилади.

22:00 - Икки кундан сўнг Аъзам Турғунга ҳукм ўқилади

Жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди маҳкамасида “Мазлум” инсон ҳақлари жамияти раҳбари Аъзам Турғун устидан кечаётган суд мажлислари ниҳоясига етди. Кеча бўлиб ўтган мажлисда ҳуқуқ ҳимоячисига музокара учун минбар берилди ва сўнгсўз тингланди. Мухбиримиз билан сўзлашган судланувчининг жамоатчи ҳимоячиси Робия Ўтамуроднинг таъкидлашича, 23 октябрь куни эрталаб 10 да товламачиликда айбланаётган ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан ҳукм ўқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалги суд мажлисидаги музокарада давлат айбловчиси Аъзам Турғунни 13 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Тажрибада прокурорларнинг талаби устиворлиги, уларнинг музокаралари сўзсиз бажарилишини ҳисобга олсак, ҳуқуқ ҳимоячисининг тақдири борасида яхши натижаларни тахминлаш мушкул, дейди мухбиримиз.

21:00 - Дилмурод Саййиднинг укаси вафот этди

Бундан бир неча кун аввал журналист Дилмурод Саййиднинг 44 ёшли укаси Султонмурод юрак хуружидан вафот этди. Дилмуроднинг дўстлари, ҳамкасблари ундан кўнгил сўрашмоқда. Оғир жудолик, бевақт ўлим муносабати билан дўстимиз, унинг хонадонига сабр-бардош тилаймиз. Марҳумнинг тупроғи енгил бўлсин.

Ислом Карим озиқ-овқат хавфсизлигидан хавотирда

Бугун Президент Ислом Карим “Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжатда дунёда юзага келган озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакатга ҳам таҳдид солаётгани, шу боисдан озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида сўз боради. Пахта етиштириладиган майдонларни қисқартириш ҳисобига хўжалик экинлари миқдорини ошириш, полиз, мева-сабзавот ҳамда ёғ-мой маҳсулотларни кўпайтиришга қаратилган ислоҳотнинг яқин бир йилдаги самарали йўли ҳақида гапирилади.

“Бирлик” тузилган йиллари Ўзбекистонда пахта экиладиган майдонларни қисқартириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонларни кўпайтириш масаласини илк бор кўтарган эди. Бу масалани бирликчилардан бошқа биронта одам гапиришга ҳам қўрқарди.

Абдураҳим Пўлат сайтимизда эълон қилинган хотираларида ёзишича, академик Аҳмадали Асқаров унга: “Пахта масаласи билан шуғулланаверинглар, аммо тил масаласига тегманглар, тил сиёсий масала, акс ҳолда ҳаммангизни Москва йўқ қилади” деб шивирлалан экан. Рус аслли бошқа академик эса, расмий бир мажлисда Абдураҳим Пўлатнинг саволига жавобан шундай деган: “пахта ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирсак, уни нима қиламиз, ўзбеклар кўп овқат ёйишга ўрганмаган-ку”.

Ислом Карим бу масалани 20 йилдан кейин бўлса-да тушунишга бошлагани ҳам олқишга сазовордир.


10:30 - Абдураҳим Пўлат: Шу кунлар, кеча ва 19 йил аввалги шу кун. Байрамингиз муборак!

Шу кунларда: Мен учун АҚШдаги президент сайловолди кампаниясининг қизиқарли жойи қолмади. Бир неча кун олдин номзодлар Обама ва МакКейн ўртасида ўтказилаётган теле-бахсларнинг учинчисини кўрмадим ҳам. Чунки, АҚШнинг навбатдаги президенти Барак Обама бўлишига энди фақат мен эмас, ҳамма ишониб бўлди. МакКейннинг тарафдорлари ҳам. Узоқ замонларни билмайманку, лекин яқин йилларда бундай ҳолат ҳеч кўрилмаган. Масалан, 2000 ва 2004 йиллардаги сайловларда ким ғолиб чиққани бюллетенлар санаб бўлингандан кейингина маълум бўлганди.

Мен яқинда “осмон узилиб тушмаса, Обама президент бўлади”, деб ёзгандим. Кўринишидан ҳеч нарса узилиб тушмайди. Қолаверса, Обама президент бўлишининг эҳтимоллиги катта эканлигини, агарда америкаликлар қора танли одамни президент қилиб сайлашга тайёр бўлса, Обама президент бўлишини ушбу сайтимизда праймериз сайловларнинг илк натижаларидан кейин ёзгандим. Муҳимлиги шундаки, бу гапларни Обама биринчи праймеризни Хиллари Клинтонга ютқазгандан кейин ёзгандим. Обама президент бўлишига ишонганимнинг сабаби - АҚШ сиёсий-иқтисодий бўҳронда эканлигини кўпчиликдан аввал тушунганим, Обаманинг “Ўзгартир!” шиори АҚШнинг бугунги эҳтиёжларига жавоб беришини, америкаликлар қандай бўлмасин ўзгаришларни интизорлик билан кутаётганларини сезганим эди.

Обама қанчалик ўзгаришлар қилиш-қилмаслиги айри масала. Менимча у кўп ўзгаришлар қилолмайди ҳам. Чунки АҚШнинг мустаҳкам давлат структураси консерваторлик ролини ўйнаши муқаррар. Аммо у ўзгаришларни бошлаб берса шуни ўзи катта гап.

Охирги кунларда Обаманинг тарафдори эканлигини эълон қилган таниқли сиёсатчилар қаторига Жорж Бушнинг собиқ Давлат Котиби, яъни республикачи Колин Пауэлнинг қўшилиши ҳам менинг фикримни яна бир тасдиқлади.

Кеча: ЎзАнинг билдиришича, айнан кеча, яъни 20 октябрь куни Ўзбeкистoн Фaнлaр aкaдeмиясининг Тил вa aдaбиёт институтидa бeш жилдлик “Ўзбeк тилининг изoҳли луғaти”нинг тaқдимoти бўлиб ўтибди. Ўзбeкистoн Фaнлaр aкaдeмиясининг Тил вa aдaбиёт институти дирeктoри Т.Мирзеeв, Ўзбeкистoн қaҳрaмoни, xaлқ шoири, Ёзувчилaр уюшмaси рaиси A.Oрипoв, aкaдeмик Ғ.Aбдурaҳмoнoв, “Тaфaккур” журнaли бoш муҳaррири Э.Aъзaм вa бoшқaлaр xaлқимизнинг бeқиёс бoйлиги бўлгaн oнa тилимизни aсрaб-aвaйлaш вa унинг жaмиятдaги мaвқeини мустaҳкaмлaшгa aлoҳидa эътибoр қaрaтилaётгaнини тaъкидлaшибди.

ЎзАнинг мухбири “тил миллaтнинг ўзлигини нaмoён этувчи, мaънaвий қиёфaсини бeлгилoвчи, дaвлaтнинг тaриxи вa кeлгуси тaрaққиёт бoсқичлaрини ифoдaлoвчи муҳим бeлгилaрдaн” бири эканлиги тўғри таъкидлар экан, “Дaвлaтимиз рaҳбaри Ислoм Кaримoв рaҳнaмoлигидa 1989 йил 21 oктaбрдa “Дaвлaт тили ҳaқидa”ги қoнун қaбул қилиниб, oнa тилимизгa рaсмaн дaвлaт тили мaқoми бeрилди” деб ёзгани менинг диққатимни тортди.

Кўринишидан, ЎзАнинг мухбири Баҳор Ҳидирова президент Ислом Каримов тилимизга давлат тили мақоми берилишининг раҳнамоси эмас, унинг ашаддий душмани бўлганини билмайди. У ва у каби тарихимизнинг муҳим саҳифаларини билмайдиган одамларга қуйидагиларни яна бир марта эслатишдан фойда бўлади, деб ишонаман.

19 йил аввал бу кунлар: 1989 йилнинг 24 сентябрь ва 1 октябрь кунлари “Бирлик” халқ ҳаракати Тошкент майдонларини ларзага келтириб ўн минглаб кишилар иштирокида митинглар ўтказди. Улар ташкилотимиз фаоли Абдулазиз Маҳмудов томонидан видеотасмаларга туширилган, вақти келиб ўзбеклар уларни кўрадилар. Митингларимизнинг талаби битта эди: Ўзбек тили давлат тили бўлсин!

Бунга тиш-тирноғи билан қарши бўлган Ислом Каримов митинларимизни ўтказтирмаслик учун нималар қилмади. Масалан, 1 октябрь митинги бўладиган соатларда “Халқлар дўстлиги” саройида студентлар учун малъун ҳонанда Шерали Жўраевнинг текин концерти уюштирилди. Лекин у ҳам ёрдам бермади, у ҳам митингларни тўхтатолмади.

Айнан ўша кунларда Ислом Каримов шаҳар марказидан 53-54 сонли квартиралар ва Ўзбекистон Олий Советига бир депутатлик мандати ваъда қилиб, “Бирлик”нинг лидерларидан, Ёзувчилар Уюшмасининг котиби Салой Мадаминовни сотиб олди. У ва унинг ҳамтовоқлари (Аҳмад Аъзам, Усмон Азим, Зоҳир Аълам, Дилором Исоқова, Сафар Бекжон, Фахриддин Худайқулов ва бошқа ифлос хоинлар) 8 октябрга чақирилган навбатдаги митингни бузиб, айнан шу кунга “Бирлик” Марказий Кенгашининг мажлисини чақиришга муваффақ бўлишди ва бу мажлисда митингларни “кўча чангитиш” деб баҳолаш билан чекланмасдан, гўёки бу митинглар орқали халқимизни қонга қараб олиб кетаётган Абдураҳим Пўлатовни “Бирлик” раислигидан олиб ташлаш учун ҳаракат қилишди.

Уларн ниятларини амалга ошира олишмади, аммо “Бирлик”ни парчалашди, шахтимизни кесишди. Жойи келгани учун айтаман, ҳозир бу хоинлардан қаҳрамон ясамоқчи бўлганлар, “Бирлик”га, қолаверса, миллатга тупурмоқчи бўлаётганларини унутмасликлари керак.

Ана шундан кейин Ислом Каримов 10 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берувчи қонуннинг лойиҳасини газеталарда эълон қилишга мажбур бўлди. Агар 53-54 ва хоин дўстлари 8 октябрда мақсадларига эришсалар эди, тил масаласи кун тартибидан чиқарилган бўларди.

19 ёки 20 октябрда Олий Советнинг навбатдаги сессияси очилди. Унинг кун тартибида ўзбек тилининг мақомига оид қонунни тасдиқлаш ҳам бор эди. 19 октябрь иш куни бўлгани сабабли, кечқурунга митинг чақиргандик.

Эрталаб Кибернетика институтидаги иш хонамда эдим, бинога кириш эшигидаги вахтер аёл телефон қилиб, икки киши мени сўраётганини айтди. Тушсам, фуқаролар кийимидаги милиционерлар экан. Қаршилигимга қарамасдан, буйруқ шундая дея, мени зўрлик билан Тошкент шаҳар прокуратурасига олиб кетишди ва ҳеч бир сабабсиз кечгача ушлаб ўтиришди. Уларнинг мақсадларидан бири, менинг қаёққа "ғойиб" бўлганимни ҳеч кимга билдирмаслик бўлган. Акс ҳолда митингга келганлар катта тўпалон қилишган бўларди.

Кечқурун митингни бошқарадиган одам бўлмагани ва шаҳар маркази милиционерлар билан тўлатилгани сабабли, одамлар бир ерда тўплана олмаганлар. Мен эса йўқман.

Юзга яқин одам Ўзбекистон меҳмонхонаси олдида тўпланишга эришган ва қоронғи тушган соатларда, тўқмоқлар билан қуролланган миршаблар қуршовида ўзбек халқининг тарихида қоладиган митинг ўтказган. Шу соатларда мен прокуратурадан қочиб чиқдим ва меҳмонхона олдига келдим. Бу ерда ҳали ҳеч ким танимайдиган Васила исмли ёш аёл ўта эҳтирос билан “Она тилим олган куним тўй қиламан” дея шеър ўқиб, одамларни жунбишга келтирарди. Ҳозир Васила Иноятова дунё танийдиган сиёсатчи, “Бирлик” Партиясининг Бош котиби.

Эртасига маълум бўлишича, шаҳар марказида тўпланишга ҳаракат қилиб юрган кўпгина тарафдорларимиз махсус автобуслар билан милиция бўлимларига олиб кетилган, уларнинг баъзилари дарҳол маъмурий суд қилиниб, 10-15 кунга қамалган.

Қамалаганлар ичида ҳозир Мюнхенда яшайдиган сафдошимиз, ўша вақтда “Учительская газета”нинг Марказий Осиё бўйича мухбири Анвар Усмонов ҳам бор бўлган. Унинг сайтимизда эълон қилинган хотираларида шундай сўзлар бор: “Революция скверига яқин жойда бизни милиционерлар ушлаб автобусларга тиқишди. Автобус скверни айланиб ўтаётганда Ўзбекистон меҳмонхонаси олдида бўлаётган митингни ва уни икки юз метрча нарида, Ёзувчилар Уюшмасига киравериш зиналари устида туриб тамашо қилаётган ёзувчиларни кўрдик. Уларнинг ичда Салай Мадаминов ҳам турарди.”

Хўш, агар Ислом Каримовнинг раҳнамолигида ўзбек тилига давлат тили мақомини берувчи қонун қабул қилинган бўлса, нима учун шу талаб билан митинг ўтказишга рухсат берилмади, кимнинг буйруғи билан ўзбек тилини ҳимоя қилиб чиққанлар қамоқа ташланди ва тилимиз учун курашганлар бу қонун қабул қилинганини қамоқхонада ўтириб эшитдилар, нима учун мени кун бўйи прокуратурада ушлаб ўтиришди ва ҳоказолар? Агар Ислом Карим ўзбек тилининг мақомини тиклаш ишига раҳнамолик қилган бўлса, у бизни ҳамкори сифатида қабул қилиши керамасмиди?

Ҳақиқат шундан иборатки, Ислом Каримов бу ишнинг раҳнамоси эмас, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг, Ўзбекистон мустақил бўлишининг ашаддий душмани бўлган. Аммо, ўша кунларда Ўзбекистонда унинг эмас, “Бирлик”нинг сўзи ўтарди. Миллатнинг амри билан, унинг рамзи бўлган “Бирлик”нинг кураши ва талаби билан аввал ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, кейин Ўзбекистон мустақил бўлди.

Аммо, ичимиздаги хоинларнинг айби билан мухолифат ўша пайтда мағлубиятга учради, Ўзбекистонда диктатура қайта тикланди.

Нима бўлса ҳам, бугун она тилимиз давлат тили мақомини олганига 19 йил бўлди. Бу миллатимизнинг, “Бирлик”нинг байрами. Ҳаммани бу байрам билан табриклайман!